Фонд грантларининг совриндори бўлишни истаган ёшлар инглиз, немис ёки француз тилларини аъло даражада билишлари лозим.
“Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази раиси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти, Ислом Каримов фонди васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди илк грант танловини эълон қилгани ҳақида хабар берди.
“Ислом Каримов Фонди иқтидорли йигит ва қизларни Европа ва АҚШнинг нуфузли олий ўқув юртларида магистратура дастури бўйича таълим олишлари учун грантлар тақдим этиш мақсадида танлов эълон қилганлигини сизга маълум қилишдан бағоятда мамнунман”, деб ёзади Лола Исломовна.
Жамоатчининг маълум қилишича, Ислом Каримов фонди табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия манбалари, кимё), сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, архитектура, дизайн (маҳсулот дизайни, саноат ва меъморчилик дизайни), рассомлик йўналишлари бўйича грантлар дастурини эълон қилган.
Фонд грантларининг совриндори бўлишни истаган ёшлар инглиз, немис ёки француз тилларини аъло даражада билишлари ҳамда олий ўқув юртларини муваффақиятли битирган бўлишлари лозим.
Грант совриндорларининг чет элда таҳсил олиш ва яшаш харажатлари (икки йилгача) фонд томонидан молиялаштирилади.
Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди грантлари ва танловга оид қўшимча маълумотларни “Fondkarimov.uz” манзили орқали билиш мумкин.