Лола Каримова-Тилляева: “Ўн йил давомида дипломат сифатидаги фаолиятим, албатта, ҳаётимнинг муҳим қисмига айланган эди”.
Бир неча соат аввал Лола Каримова-Тилляева бугун, 2 февраль куни унинг ЮНЕСКОдаги сўнгги иш куни эканини маълум қилди.
“Бугун менинг Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси вазифасидаги сўнгги иш куним. Ўн йил давомида дипломат сифатидаги фаолиятим, албатта, ҳаётимнинг муҳим қисмига айланган эди. Мен ушбу бебаҳо тажриба, фаолиятим мобайнида танишган ва бирга ишлаган инсонлар ҳамда энг муҳими – ўз она ватанимга хизмат қилиш имкониятига эга бўлганимдан беҳад мамнунман. Ортга назар солар эканман, ваколатхонамиз амалга оширган ёрқин лойиҳаларни ёд оламан.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси 2008-2017 йиллардаги фаолияти мобайнида Наврўз халқ байрами, Катта ашула, ўзбек палови анъаналари, Бойсун маданий мероси, Шашмақом ва Аския ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. 2016 йил дунёдаги энг катта тоғ тизмаларидан бири, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудини қамраб олган Ғарбий Тянь-Шань Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига киритилди. 2017 йил декабрь ойида атлас ва адрас тўқиш анъанавий технологияси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни асраб-авайлаш бўйича илғор тажрибалар рўйхатидан жой олди”, деб гап бошлаган Лола Каримова-Тилляева.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи бундан буён ҳам маданият, таълим, илм-фан ва атроф муҳитни асраш соҳасидаги лойиҳалардаги иш фаолиятини давом эттиришини ҳам таъкидлади.
Лола Каримова-Тилляева ўз сўзини қуйидагича давом эттиради:
“Мен “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси ишини давом эттириш ва оғир юрак хасталиклари билан оғриган болаларга француз шифокорлари билан ҳамкорликда жарроҳлик муолажаларини ўтказиш бўйича дастурларни амалга оширишни давом эттириш мақсадидаман. Шунингдек, имконияти чекланган болажонларга ва ёрдамга муҳтож бошқа ўзбекистонлик болаларга кўмак дастурларини давом эттирамиз”.