Уддабуронлар қиймати 203 млн сўмдан ортиқ бўлган кийим-кечаклар ва турли қурилиш молларини божхона назоратидан четлаб олиб киришга уринишган.
Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи Б.Мамаримов номига Хитойдан келтирилган 2 та юк контейнерида йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра аслида салкам 50 тоннадан ортиқ оғирликдаги қурилиш моллари ва авто эҳтиёт қисмлари бўлиши лозим эди.
Аммо, ушбу контейнерлар юк қабул қилувчининг ишончли вакили С.Йўлдошев ва холислар иштирокида белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда контейнерлардан бирига йўл-юк кузатув ҳужжатларида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида умуман маълум қилинмаган 24 турдаги кийим-кечаклар ортилгани маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг тахминий қиймати 2 млрд 230 млн сўмдан ортар экан.
Иккинчи контейнерда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Тегишли ҳужжатларда қайд этмасдан туриб, уддабуронлар қиймати 203 млн сўмдан ортиқ бўлган кийим-кечаклар ва турли қурилиш молларини божхона назоратидан четлаб олиб киришга уринишган экан.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182 моддаси 2 қисми “а” бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент вилояти Божхона бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 3,6 мингга яқин божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати 20 млрд сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. Мазкур ҳолатларнинг 73 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.