Ҳайдовчилар томонидан келиб тушаётган долзарб саволларга Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Зоир Сайдиалиев жавоб берди.
Сайдиалиев бугунги кунда Тошкент шаҳридаги айрим кўчаларда олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция ишларига эътибор қаратар экан, пойтахтнинг 120 чорраҳасига ўрнатилган кузатув камераларининг ишга тушиши билан боғлиқ саволларни ҳам жавобсиз қолдирмади.
“Тошкент шаҳрининг 120та чорраҳасига ўрнатилган кузатув камералар аллақачон ишга туширилган. Улар йўллардаги қоидабузарликларни қайд этиб боряпти ва ундаги тасвирлар ТВ орқали “Автопатрул”, “Пойтахт йўлларида” кўрсатувларида намойиш этилмоқда. Кузатув камералари 2015 йилнинг 11 августидан бошлаб ишга туширилган бўлсада, ҳозирча унда қайд этилган қоидабузарликлар юзасидан фуқароларга маъмурий баённома тузилмаяпти. Юқори ташкилотлардан рухсат берилгач, камералар қоидабузарликларни қайд этган ҳолда жарималар қўллашни бошлайди”, дейди Сайдиалиев.
Маълумотларга қараганда, кузатув камералари қаидабузарликни қайд этганидан сўнг автомобилни ким бошқариб кетаётганидан қатъи назар маъмурий баённома автомобиль эгасига расмийлаштирилади ва А4 ҳажмидаги вараққа қоидабузарликка оид тўртта сурат ва давлат божи тўғрисидаги маълумот жойлаштирилиб автомобиль эгасининг уй манзилига юборилади. Давлат божи 60 кун муддатда тўланмаган тақдирда транспорт воситаси ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, жарима майдончасига қўйилади. Корхона ва ташкилотлар тасарруфидаги автомобиллар билан боғлиқ қоидабузарлик аниқланган ҳолатда маъмурий баённома ташкилот раҳбари номига ёзилади.
Шу ўринда савол туғилади: Кузатув камералари қоидабузарликларни қайд этиб бориши яхши, албатта. Бу орқали қонун устоворлиги таъминланади. Бироқ транспорт воситалари ҳаракатланадиган йўллар талабга жавоб берадими? Бугунги кунга келиб Тошкент шаҳридаги айрим чорраҳаларда ётиқ чизиқлар пала-партиш, эскисининг ёнидан янгиси чизилгани каби ҳолатларни кўриш мумкин. Бир вақтнинг ўзида светофорнинг икки чироғи ёниб қолиши эса тез-тез учраб туради. Бундай вазиятда ким ҳақ, ҳайдовчими ёки?.. “Qalampir.uz” мухбири айнан шу савол билан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Зоир Сайдиалиевга мурожаат қилди.
“Ўринли савол бердингиз. Йўл ҳаракати қоидаси – умр фойдаси. Ҳайдовчилар куннинг қоронғу қисмида ёки туман вақтида ёки йўлнинг ҳолати гумон уйғотган тақдирда ҳаракат хавфсизлигини таъминлайдиган даражада тезликни кескин камайтириши ва хавфсизлигини таъминлаган ҳолда ҳаракатланиши керак. Тўғри, баъзи йўлларимиз талабга жавоб бермаслиги мумкин, лекин мақтаниб айтишим мумкинки, Ўзбекистондаги автомобиль йўллари қўшни мамлакатларникига қараганда жуда чиройли ва равон.
Тошкент шаҳрида ўтказилган ШҲТ саммитига келган 12 давлат раҳбарлари ва 1500дан ортиқ меҳмонлар Ўзбекистондаги шароитларга жуда катта баҳо бериб кетишди.
Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун эса “Ишонч телефони” ҳаётга тадбиқ этилган. Ҳар бир фуқаро ўзининг ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ўзи гувоҳ бўлган қоидабузарлик ва шунга ўхшаш ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши мумкин”, дейди Зоир Сайдиалиев.
Маълумот учун, маст ҳолатда автомобилни бошқариш, тезликни ошириш ва светофор чироғига бўйсунмаслик каби ҳолатлар сабаб Ўзбекистонда йилига 2 000 одам ЙТҲлар қурбони бўлмоқда.