...
МЕНЮ
ONLINE TV

Каттакон бўлиш ниятингиз борми? Энди “казо-казо”ларни “Тараққиёт” танлаб олади


21:33, 20.09.2018 Жамият
 6 199

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш мақсадида ҳар 3 йилда истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови ўказилади.
 
Танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йиллик иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.
 
“Тараққиёт” республика танловида талабгорлар 16 та номинация бўйича ўз соҳасидан келиб чиқиб иштирок этиши мумкин. Хусусан:
 
1.       Давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
2.       Суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
3.       Молия-кредит соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
4.       Саноат соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
5.       Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
6.       Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
7.       Архитектура ва қурилиш соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
8.       Коммунал хўжалик соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
9.       Солиқ ва божхона соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
10.     Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
11.     Таълим, фан ва инновация соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
12.     Соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
13.     Маданият, санъат ва спорт соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
14.     Ташқи сиёсат, ташқи иқтисодий фаолият ва туризм соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
15.     Макроиқтисодиёт ва ҳудудий ривожланиш соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
16.     Транспорт ва логистика соҳасидаги энг яхши бошқарувчи.
 
Давлат ташкилотларида меҳнат қилаётган иштирокчиларнинг танловда иштирок этиш даврида эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.
 
Танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган иштирокчиларига эса энг кам иш ҳақининг
25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Танлов финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли соҳанинг бошқарув кадрлари захирасига киритилади.
 
Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази базасида тегишли соҳага оид вазирликлар, идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда олимлар иштирокида ўтказиладиган, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган “Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури”га мувофиқ уч ойлик курсларда ўқийди.
 
Танлов ғолиблари “Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури”га мувофиқ уч ойлик курсларни ўтагандан кейин тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади.
 
Танловда иштирок этиш учун талабгорлар 2018 йилнинг 1 октябридан 30 октябрига қадар онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин. Батафсил маълумот taraqqiyot-tanlov.uz порталида жойлашган.
 
Мазкур порталдан рўйхатдан ўтгандан сўнг талабгор анкетаси тўлдирилади. Унда талабгор ҳақида тўлиқ маълумотлар базаси қамраб олинади.
 
Танлов иштирокчилари анкетада белгиланган шаклдаги ишончли маълумотни кўрсатиши шарт. Анкетага нотўғри маълумотни киритиш иштирокчини танловдан четлатишга сабаб бўлиши мумкин.
 
Иштирокчиларнинг анкеталарини ўрганиш учун ишчи гуруҳ таркиби танлов комиссиялари томонидан шакллантирилади. Ишчи гуруҳлари сони ва уларнинг аъзолари таркиби ҳар бир номинацияга тақдим этилган аризалар сонига боғлиқ ҳолда шаклланади.
 
Танлов иштирокчилари ўзлари томонидан тақдим этилган анкета қайси номинацияга тегишли бўлишини мустақил равишда белгилайди. Анкета кўриб чиқилаётганда ишчи гуруҳ вакиллари анкетада иштирок этган шаxс кўрсатган соҳадаги иш тажрибасига қараб номзодликни ўзгартиришни тавсия этиш ҳуқуқига эга бўлади.
 
Танловнинг веб-порталида кейинги танлов турида иштирок этувчилар рўйхати, танлов ўтказилиш куни, жойи эълон қилиб борилади.
 
Веб-порталга келиб тушган анкеталар ўрганилади, талабгорлар ақлий салоҳият (IQ-тест), психологик барқарорлик, хорижий тилларни билиши, сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлардан хабардорлик даражаси бўйича онлайн тестдан ўтказилади.
 
Хорижий тилни билиш даражаси расмий тасдиқлангани ҳақидаги халқаро сертификатлар мавжуд бўлган (В2 – CEFR (Common European Framework of Reference), 5,5 балл – IELTS (International English Language Testing System) ва 72 балл – TOEFL (Test of English as a Foreign Language) иштирокчилар xорижий тилларни билиши даражаси бўйича тестлардан озод қилинади. Ушбу иштирокчиларга танловда максимал балл қўшиб берилади.
 
Ёзма синовлар ва стажировка босқичида онлайн тестлардан муваффақиятли ўтган талабгорларга ёзма таҳлилий материаллар (маъруза) тайёрлаш учун ҳар бир номинация бўйича муаммоли, амалиёт билан бевосита боғлиқ бўлган, таҳлилий фикрлашни назарда тутувчи, ҳар бири 5 саволни қамраб олувчи тезислар берилади.
 
Талабгорлар томонидан тегишли номинациялар кесимида 5 саволни қамраб олган мавзу бўйича тайёрланган ёзма таҳлилий материалларни (маърузалар) текшириш натижасида иштирок этувчилардан 300 нафар талабгорлар танлаб олинади.
 
Талабгорларнинг гуруҳда ишлаш кўникмаси, профессионаллик даражаси ва бошқарув қобилиятини аниқлаш мақсадида тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, давлат ташкилоти ва идораларига бир ойлик стажировка ўташ учун жўнатилади.
 
Бир ойлик стажировка ва талабгорларнинг ташкилотчилик қобилияти ва бошқарувчилик салоҳиятини аниқлашга қаратилган ёзма тест синови натижаларига асосан танловнинг финал босқичига тавсия этилган
150 нафар талабгор аниқланади.
 
Гуруҳларда муаммоли вазиятларни (кейслар) ечиш ва суҳбат жараёни бўйича танловнинг финал босқичига тавсия этилган 150 нафар талабгорнинг рўйхати, синовлар ўтказиладиган сана, вақт, жой ва шартлари танловнинг веб-порталида эълон қилинади.
 
Гуруҳларда муаммоли вазиятларни (кейслар) ечиш жараёни ва талабгорларнинг ҳар бири билан шахсан ўтказиладиган суҳбат натижаларига кўра танловнинг 50 нафар ғолиби аниқланади.

Теглар:Тараққиёт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар