Ижтимоий тармоқларда маҳсулот нархларига ҚҚС қўшиб ҳисобланган тўлов чекининг сурати тарқалганди.
Шундай бўлса-да, айни вақтда ижтимоий тармоқларда мазкур маҳсулотлар 20 фоизли қўшимча қиймат билан сотилаётгани ҳақидаги чеклар ҳавол этилиб, муҳокамалар бўлмоқда.
Молия вазири Жамшид Қўчқоров мазкур масалага ва водий вилоятларида газ заправкаларида нархнинг ошганига изоҳ берди.
“Халқаро тажрибани ўрганганимизда, Европа ва МДҲда бу тизим ишлайди. Қўшимча қиймат солиғи аслида узилмайдиган занжир бўлиши керак. Мисол учун, уруғ қадаш ёки уни харид қилишдан бошлаб, у харидорга етказиб берилишигача давом этади”, деган Жамшид Қўчқоров.
Вазир ижтимоий тармоқларда тарқалган, маҳсулот нархларига ҚҚС қўшиб ҳисобланган тўлов чекига ҳам тўхталган. Чекка яхшилаб қаралса, у декабрь ойига тегишли эканини кўриш мумкинлиги ва янги тартиб 2019 йил 1 январдан ишга туша бошлаганини қайд этган.
“Водий вилоятларида газ нархининг ошганига келадиган бўлсак, у юртимизда 1 ноябрдан 11 сўмга ошиб, 1900 сўм деб белгиланган эди. Бироқ, айни кунларда унинг баҳоси 2200 сўм экани ҳақида хабарлар келмоқда. Ваҳоланки, уларга солинган солиқ атиги 55 сўмга ошган. Бу тадбиркорларга маҳсулот баҳосини 300 сўмга оширишга йўл очиши керак эмас. Ҳаммамиз битта мамлакат, юрт фарзандимиз. Қаерда солиқ ҳисобига нарх-наво ошган бўлса, айтинглар. Биз унинг олдини оламиз. Ахир ҳар соҳада очиқлик, шаффофлик таъминланмоқда”, деган Жамшид Қўчқоров.