Нафақат ёқилғи-энергетика соҳасида, балки бошқа йўналишларда ҳам инвестиция борасида етарли натижага эришганимизча йўқ.
Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш, сотиш ишлари бошига неча йилларким “Ўзбекэнерго” ўтириб олган. Бу сўзсиз монополия дегани. Устига устак “Ўзбекэнерго”нинг келтираётган фойдаси юқори эмас, аксинча, электр энергиясини таннархидан пастга сотади. Соҳада эса рақобат бўлмас экан, ривожланиш ҳам бўлмайди.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида қуёш батареяларидан электр энергиясини олиш, чиқиндидан газ олиш каби ноодатий тажрибалар қўлланиляпти. Ўзбекистон ҳам аллақачон бу тажрибаларни ўзлаштиришга ҳақли. Бу эса инвесторлар киритган инвестиция ҳисобига бўлади. Нафақат ёқилғи-энергетика соҳасида, балки бошқа йўналишларда ҳам инвестиция борасида етарли натижага эришганимизча йўқ.
Инвесторга нима керак? Бир мамлакат ҳудудига жойлашиб, фаолиятини хавфсиз ва кафолат билан қуриш, маҳсулоти ёки хизматини бир неча йиллар давомида тўсиқларга учрамай сотиш. Бунинг учун эса ўша мамлакат “келинглар” деб бағрини очиши билан бирга, ҳуқуқий кафолат бериши, қонунларини ҳам бутун дунёга тўғри келадиган қилиб қўйиши керак. Бу борада Ўзбекистонда қилиниши керак бўлган ишлар анчагина.
Айтайлик, Туркияда қурилган кўприклар хорижий инвесторлар пулига бунёд этилган. Мамлакат эса инвесторга ҳуқуқий кафолат берган. Масалан, кунига 1000 та машина ўтади. Агар 998 та ўтиб қолса, қолган иккитасининг пулини давлат тўлаб беради, деган шарт билан ўзаро шартнома тузилган ва бу шартномани тарафлари хоҳиши ва кайфиятига кўра буза олмайди. Ўзбекистонга киришни истаётган инвесторлар ҳам Ҳукуматдан ана шундай кафолат берувчи расмий ҳужжат талаб қилмоқда.
“Qalampir.uz” ушбу масалада Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Молия вазири Жамшид Қўчқоровга юзланди.
Қўчқоровнинг бу борадаги жавоблари билан тез орада танишасиз.