Татьяна Каримова ҳамда Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов ташаббуси билан барпо этилган “Минор” масжидини зиёрат қилишди.
“Минор” жоме масжиди 2013 йилда Ислом Каримовнинг ташаббуси билан барпо этилган эди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова ҳамда қизи Лола Каримова-Тилляевани Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Тошкент шаҳар вакиллиги ходимлари ва масжид жамоаси кутиб олишди.
Зиёратчилар даставвал масжидга ўзгача кўрк бағишлаб турган фаввора ва ҳудудда олиб борилган ободонлаштириш ишлари билан таништирилди. Шунингдек, масжиднинг ички ҳовлиси, ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги маъмурияти хонаси ва масжид хоноқохини зиёрат қилишди, дейилади вакиллик ахборотида.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов масжиднинг қурилиш тарихи, масжид сиғими, юртимизнинг турли вилоятларидан келаётган зиёратчиларнинг юртимиз ва яқинда вафот этган юртбошимиз ҳақларига қилаётган дуоларини айтиб ўтди.
Татьяна Каримова ва Лола Каримова-Тилляева “Минор” масжидига қилган зиёратларидан мамнун бўлганликларини билдириб, Ислом Каримовга 1992 йил Умра сафарида Саудия Арабистони қироли томонидан ҳадя қилинган кисвани масжид жамоасига ҳадя қилдилар. Кабапўшнинг қадри яна шу билан баландки, ушбу кисва бир йил давомида Кабайи Муаззама ичида сақланганлигидадир.
Зиёрат сўнгида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳақига Қуръон тиловат қилинди.