Чет элда таълим олиш учун тўланадиган маблағ, визага тўлов, йўл ҳаражатлари, турар жой, овқатланиш ва бошқа ҳаражатлар янги Жамғарма ҳисобидан бўлади.
Унга кўра, Жамғарманинг номи “Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси” деб ўзгартирилди.
Жамғармага Президент Фармони билан тасдиқланган Васийлик кенгаши раҳбарлик қилади.
2017–2018 ўқув йилидан бошлаб хорижда малака ошириш, стажировка ўташ ҳамда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олишга юбориш танлов асосида амалга оширилади.
Танловни ўтказиш Жамғарма томонидан ташкил этиладиган қабул комиссияси зиммасига юкланади. Комиссия танлов натижаларини умумлаштиради ва уларни Жамғарманинг Васийлик кенгаши тасдиғига тақдим этади.
Жамғарма стипендиялари Васийлик кенгаши томонидан ҳар йили тасдиқланадиган мақсадли дастурлар асосида ажратилади. Чет элда таълим олиш учун тўланадиган маблағ, чет эл визаси учун тўлов, йўл харажатлари (бир йилда хорижга бориш ва келиш учун бир марталик авиачипта, темир йўл чипталари ва бошқалар), турар жой ҳамда овқатланиш ҳақи, дарслик ва ўқув қўлланмалар сотиб олиш учун ҳамда бевосита таълим билан боғлиқ бўлган бошқа ҳаражатлар Жамғарма ҳисобидан бўлади.