...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбек футболи юлдузлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетига боришди


15:57, 01.05.2018 Спорт
 2 551

Университетда мини-футбол бўйича “Талабалар кубоги-2018” мусобақасининг ҳал қилувчи ўйини бўлиб ўтди.

Бугун, 1 май куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида мини-футбол бўйича “Талабалар кубоги-2018” мусобақасининг ҳал қилувчи финал ўйини бўлиб ўтди.
 
Мазкур спорт байрамида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этди. МОҚ раҳбари финал учрашувини очиб бериш олдидан университетнинг спорт майдончаси, умуман, ушбу илм даргоҳида йўлга қўйилган спорт тизими билан танишди.
 
Финал учрашувида ўзбек футболи афсоналари, XII Осиё ўйинлари чемпионлари Миржалол Қосимов ва Азамат Абдураимов, шунингдек, Миллий терма жамоа футболчилари Марат Бикмаев ва Сардор Рашидов, Хитойда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ғолиблари ҳам иштирок этиб, тадбирнинг янада қизиқарли кўриниш олишига ёрдам беришди.

Тадбирни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Баҳодир Ходиевлар очиб беришди.
 
“Ҳурматли талабалар, устоз ва мураббийлар. Тошкент давлат иқтисодиёт университетида футбол мусобақаси старт олаётганида жуда хурсанд бўлгандик. Спортимиз ривожи йўлида ҳар бир бўғин – боғча, мактаб, коллеж ва университетларга алоҳида эътибор қаратилади. Мана, Суперлига баҳсларини эпақайга келтирдик, Ўзбекистон кубоги баҳсларини ўтказишда Англия футбол тизимидан андоза олдик, энди талабалар спорти йўналиши бўйича ҳам керакли ишлар олиб борамиз. Ташкил этилган ушбу спорт байрамини кўриб мамнун бўлдим. Барча-барчага раҳмат айтаман”, деди Умид Аҳмаджонов.
 
Тадбирда ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузлари Тоҳир Содиқов, Зоҳиршоҳ Жўраев, “Божалар” гуруҳи хонандалари чиқишлари билан томошабинлар кўнглини ҳушнуд этди.
 
Университетнинг “Корпоратив бошқарув” ҳамда “Банк иши” жамоалари ўртасида ўтказилган финал баҳсини FIFA ҳаками Равшан Эрматов бошқариб борди.

Ўйинни “Корпоратив бошқарув” жамоаси футболчилари 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, бош мукофотини қўлга киритдилар.
 
Финал ўйини якунлангач, мусобақанинг “Энг яхши дарвозабони”, “Энг яхши ҳимоячиси”, “Энг яхши тўпурари”, “Энг яхши ўйинчиси”, “Энг яхши ишқибозлар гуруҳи” каби йўналишларда ғолиблар аниқланди ва уларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.
 
Мусобақани кучли учликда якунлаган жамоа аъзоларига медаль, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Турнир чемпиони эса махсус кубок билан тақдирланди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Тошкент давлат иқтисодиёт университети Талабалар кубоги-2018 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!