Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет давлатга кетаётган фуқаролар Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири А.Абдуҳакимов билан учрашдилар.
Хабарга кўра, 2017 йил 26 июл куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги биносида Россия Федерациясига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бир гуруҳи Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири А.Абдуҳакимов билан учрашди.
Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан жадал ишлар амалга оширилмоқда. Кадрларни танлаш хизмати фаолияти тўғрисидаги, меҳнат миграцияси тўғрисидаги, янги қонунлар ишлаб чиқилмоқда, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилмоқда ҳамда лицензия ва рухсат бериш ҳужжатлари соддалаштирилмоқда.
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистон фуқаролари энг кўп меҳнат қилаётган давлатларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Агентликнинг ваколатхоналарини очиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
Жумладан, Россия Федерацияси ва Корея Республикасида Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида меҳнат мигрантларига ҳамкорликда кўмаклашишга қаратилган турли марказлар очилмоқда.
Айни пайтда, ҳукуматлараро Битимни ҳаётга жорий этиш механизмларини яратиш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда. Россиялик иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган турли мутахассисликлар бўйича ташкилий танлов бошланди. Аллақачон ҳайдовчилар, тикувчилар, қурилиш бўйича мутаҳассислар, созловчилар, токарлар ва бошқалар бўйича танлов ҳамда саралаш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва шерикчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 12 апрелдаги ПҚ-2885 сон қарорини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан Россия Федерациясидаги меҳнат мигрантларининг муаммоларини тезкор ҳал қилиш, уларнинг меҳнат фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, одам савдоси билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, уларнинг турли бузғунчи кучларнинг салбий таъсири остига тушиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида Россия Федерациясининг тегишли ташкилотлари ва муассасалари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Мазкур тадбирда Россиянинг меҳнат мигрантларига ҳуқуқий кўмаклашиш бўйича Агентлиги вице-президенти Ю.Слуцкая, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Элчихонаси маслаҳатчиси Е.Чистова, турли вазирликлар ва муассасалар, иш берувчилар ва ҳамкор ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи доирасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги Битим имзоланган эди.
“Ўзбекистон янги шароитларда меҳнат мигрантлари муаммоларига нисбатан ўз муносабатини тубдан ўзгартирмоқда ҳамда меҳнат мигрантларининг Ўзбекистон иқтисодиёти ҳамда улар ишлаётган мамлакат тараққиётига қўшаётган улушини эътироф этади. Ўзбекистон ҳукумати бундан кейин ҳам уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади”, - дейилади хабарда.