Маълум бир тоифадаги маҳсулотни фалонтасини сотсангиз, сизга 3,0 млн сўм ойлик берилиши айтилади. Уни қаерда, қай усулда сотиш — сизнинг муаммонгиз!
Эътиборингизга тақдим этилаётган 5 та маслаҳатнинг охиргиси, яъни БЕШИНЧИСИ билан танишинг.
Маслаҳатларнинг биринчиси, иккинчиси, учинчи ва тўртинчи тавсиямиз билан танишдингиз. Навбат, БЕШИНЧИ маслаҳатга...
5-маслаҳат. Интернет саҳифаларидаги эълонлар ҳамда улар таркибидаги айрим “ҳийла” таклифлар...
Замонавий кишининг кундалик ҳаётида интернетнинг ўрни беқиёс. Мобиль телефон аппарати орқали интернет саҳифаларидан самарали фойдаланиш имконияти пайдо бўлгач, интернет — ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланишга улгурди.
Ижтимоий тармоқда иш берувчи ва иш қидираётган жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг эълонларини жойлаштирадиган сайтлар бир талай.
Бундай эълонлар билан таниш осон ва қулайлиги билан самаранинг тезкорлигини таъминлаши рост. Бироқ ҳар битта эълоннинг ортида турган ҳақиқатни ўрганиш, таҳлил қилиш ва саралашнинг деярли имкони йўқ.
Сиз ўзингизга муносиб иш ўрнини топиш билан бирга алданиб, айрим овворагарчиликларга ҳам дуч келишингиз мумкин.
Масалан, “савдо агенти” лавозимига 3,0 млн ойлик билан ишга таклиф этишади ва бу сизни қизиқтириб қўйиши табиий.
Мурожаатдан сўнг аниқ бўладики, маълум бир тоифадаги маҳсулотни фалонтасини сотсангиз, сизга 3,0 млн сўм ойлик берилиши айтилади.
Уни қаерда, қай усулда сотиш — сизнинг муаммонгиз!
Айнан фалон дона маҳсулотни сотиш эса — амалиётга зид!
Бу каби эълонларнинг аксариятида расмий иш ўрни йўқ. Бўлса ҳам белгиланган ойлик маошига мушук офтобга чиқмайди. Қолгани сиз сотган (яхши сотилмайдиган) товардан маълум бир миқдорда (фоизда) бонус!
Кўпчилигида меҳнат дафтарчаси юритилмайди, тегишли даромад солиқлари ва бошқа иштимоий тўловлар тўланмайди.
Демак, айрим интернет эълонлари — ҳийлакор! Алдаб жалб қилинади, реал вазиатда эса эплаганга чиқарган мақомида!
Бўлган воқеа. Хотима ўрнида...
Бир дўстим иш ўринлари қисқартирилгани туфайли ишсиз қолганини айтди. Бир муддат шахсий автомобили орқали “лицензиясиз такси” ишини ҳам эплолмади.
Интернетдаги расмий сайт орқали “ўз автомобили билан 3,0–6,0 млн сўм маошли иш” таклифига қўнғироқ қилди. Ёнида туриб эшитиб турибман...
Гўшакни хушмуомала, гапдонроқ йигит кўтариб (ёши, маълумоти, иш тажрибаси ва автомобилнинг маркасини суриштиргандан сўнг), фалон соатга раҳбар билан суҳбатга ёздириб қўйишини айтди.
Гап орасида мазкур ташкилот фалон давлат билан қўшма корхона эканлиги, бир нечта ходимлар хориж валютасида маош олишини, карьеравий ўсиш учун зўр имкониятлар борлигини қистириб ўтди.
Айтилган манзилга бордик. Дўстимга яхши иш, менга мақола учун янги маълумотлар керак...
Ижарага олинган бино дидсизларча жиҳозланган... Бир-бирига яқин ўтирган беш-олтита қизлар худди мобиль алоқа операторларидай тинмай телефон орқали аллакимлар билан суҳбатлашаяпти.
Эътибор бердим, суҳбат кўнгилдагидай кечмаганда гўшакни қўяр-қўймас русчалаб сўкиниб қўйишади ҳам...
Одам ниҳоятда кўп... Иш қидириб келиб, телефон орқали суҳбатга ёздириб қўйдирганларнинг ўзи 20 чоғли. Барчаси қисқа анкета тўлдириш билан овора!
3–4 кишидан раҳбар хонасига суҳбатга олиб киришаяпти. Ўзини жуда банд киши қилиб кўрсатган раҳбар — телефон орқали боғланилган ёш йигитнинг ўзи бўлиб чиқди!
У қўшма корхонанинг раҳбари ҳам, кадрлар бўлими бошлиғи ҳам эмас! Корхонанинг ўзи ҳам қўшма корхона бўлиб чиқмади.
Хуллас, маълум бўлдики, телефон гўшаклари орқали гаплашаётган қизлар “ширин муомаласи” билан ўзига тўқ оилаларнинг содда бекалари, онахон-отахонларининг телефон рақамларини бир-бирларидан ёзиб олишади.
Сўнг уларга қўнғироқ қилиб, фалон-писмадон хусусиятларга эга, жуда қиммат, хорижда ишлаб чиқарилган маиший техникани сотиб олишга кўндириш ҳаракатини қилишади.
Қанақа маиший техникалар устида гап кетаётганини фаҳмлаган бўлсангиз керак. Қимматбаҳо ва “антиқа” чангюткич, ичимлик сувини фильтрлаб берувчи восита, “ўзи” дазмоллайдиган дазмол ва яна алламбалолар...
Улар суҳбатда моҳир психологлардан уддабурон! Табиийки, аксарият ҳолатда “йўқ” жавобини олгач, “махсус агентимиз автомобилда маиший техникани уйингизга олиб бориб, ишлатиб кўрсатади, ёқса оласиз, ёқмаса — йўқ” қабилида гапириб, охири кўндиради.
Кейин 3–6 млн ойлик илинжида ўз автомобили билан ишлашга келган дўстим, ҳалиги “маҳсулотга” гаров қолдириш орқали олиб, айтилган манзилга обориб, ишлатиб кўрсатиб, бирамаллаб сотиши керак...
Сота олса ғазнага топширган пул миқдоридан 5% мукофот! Сотолмай юраверса, борилган жойларга сарфланган ёқилғи, кафолатланган маош — ой охирига, квартал охирига, биринчи натижага тақаб қайта-қайта сурилаверадиган ваъдадан ўзга нарса эмас!
Агар йўлда техникани бузиб қўйсангиз ёки ўзи ишламай қолса, урди худо! Янги гап, янги шартлар болалаб келаверади.
Расмий ишчи эмассиз, ҳеч қандай шикоят қилолмасиз, гапирган гапларингиз туҳматга айланади-қолади. Бир-икки ой самарасиз югуриб-югуриб, сўнг ўзингиз қочиб кетасиз...
Шунда дўстимга бир гап айтдим: “Дўстим, текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади!”
Ризққа ярашасидан қўймасин!