...
МЕНЮ
ONLINE TV

Интернет тезлиги ошадими ё йўқ? “Ўзбектелеком” аравани қуруқ олиб қочиб, жозибадор изоҳ берди


13:24, 15.11.2018 Жамият
 7 400

“Ўзбектелеком” АК интернет тезлиги 1 декабрдан ошиши ё бу шунчаки лофлигига аниқ-тиниқ изоҳ бермаган, аравани қуруқ олиб қочган.

Аввалроқ, 1 декабрдан Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 баробарга ошиши ҳақида хабар берган эдик. “Ўзбектелеком” АК ушбу маълумот бўйича на иссиқ, на совуқ бўлган изоҳ берди.
 
Унда шундай дейилади:
 
“2018 йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида  Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
 
Ушбу йиғилишда Давлатимиз раҳбари Интернет тармоғига уланиш нархини пасайтириш, шунингдек, уланиш тезлигини ошириш, 2020 йилгача МДҲ мамлакатлари даражасига етказиш топшириғини берди
 
Компания ишлари барча йўналишларда юритилмоқда: маълумотлар узатиш тармоғи кенгайтирилмоқда, аҳоли Интернет тармоғига юқори тезликда уланиш билан таъминланиши оширилмоқда, мижозларга хизмат кўрсатилмоқда ва халқаро ҳамкорлар билан фаол алоқа сақланмоқда.


 
Ўтган 10 ой мобайнида, “Ўзбектелеком” АКда зарур такомиллашиш ишлари тизимли таҳлил қилинди, керакли ускуналар сотиб олинди, дастурлар ишлаб чиқилди ва ташқи канал имкониятларини кенгайтириш ва провайдерлар, операторлар ва охирги фойдаланувчилар учун Интернет тармоғига чиқиш тезлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
 
Жорий йилнинг бошида Ўзбекистон ташқи Интернет-каналларига уланиш фақат иккита халқаро боғлама орқали амалга ошириларди. 2018 йил бошига боғламалар ўз маҳсулдорлигининг чегарасида, деярли ишламай бошлаганди. Шу муносабат билан бугунги кунда Компаниянинг техник хизматлари босқичма-босқич модернизация ишларини ўтказмоқда, бунинг натижасида “Ўзбектелеком” АК шу йилнинг охирига қадар, UZTELECOM’дан канал сотиб олган операторлар ва провайдерлар истеъмоли учун зарур бўлган тезликни таъминлай олади.
 
Провайдерлар ва операторларнинг барча аризалари чекловларсиз ва тўла ҳажмда қондирилади. UZTELECOM компанияси UZONLINE ва UZMOBILE абонентлари учун янада жозибадор тариф режаларини жорий этишни режалаштирмоқда”.
 
Қизиқ, “Ўзбектелеком” АКнинг янада жозибадор хизмати қандай бўлади? Улар учун жозиба нима? Агар бугун кўрсатилаётган хизматлар жозиба, ваъда қиланаётгани янада жозибалироқ бўлса, унинг қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.
 
Энг қизиғи, “Ўзбектелеком” АК интернет тезлиги 1 декабрдан ошиши ё бу шунчаки лофлигига аниқ-тиниқ изоҳ бермаган, аравани қуруқ олиб қочган. Бу интернетнинг кутилаётган тезлиги шу алфозда ноаниқ бўлади деганими? 

Теглар:Ўзбектелеком 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар