...
МЕНЮ
ONLINE TV

ИИВ ва Дин ишлари бўйича қўмита диний оқимларга қарши курашни кучайтиради


17:41, 11.01.2018 Жамият
 3 040

Ҳозирда нотўғри оқим ва йўналишларга кириб кетувчи, тўғри йўлдан алданувчи фуқаролар асосан мигрантлар орасида содир бўлаётганлиги айтилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Вазирлик Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси қуйи тизим ходимлари ва жойлардаги бош имом-хатиблар иштирокида диний масалалар билан бевосита шуғулланадиган мутасадди ташкилотлар масъулиятини янада кучайтириш бўйича қўйилган вазифаси ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
 
Видеоселектор йиғилишини Вазирлик Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи полковник Ў.Муродов олиб борди. Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновлар иштирок этишди.
 
Муродов мамлакатда терроризм ва экстремизм жиноятларини олдини олиш ишларида имом-хатиблар ролини кучайтириш, ходимларнинг экстремистик ғояларга қарши курашишларида асл ислом дини ҳақидаги билим савияларини ошириш, миссионерлик, прозелитизм ва сохта тариқатчилик билан курашишнинг маънавий-маърифий асосларини ёритишда бош бошқарма ва унинг қуйи тизимлари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакиллари билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Бу борада ички ишлар органларининг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш тизими ходимлари нафақат бу турдаги жиноятларга қарши курашувчилар, балки уларни олдини олиш ва фуқароларни террорчи ва экстремистик кучлар ғояларидан ҳимоя қилувчилар бўлиши лозимлигини айтган.
 
Йиғилишда сўзга чиққан, Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов ислом дини ниқоби остида қон тўкаётганлар, асл ислом дини моҳиятини тушунмаслигини, ислом дини ҳеч қачон терроризм ва экстремизмга йўл бермаслигини таъкидлаб, бу борада маҳалла, ички ишлар органлари ходимлари ва диний уламолар ҳамжиҳат бўлиши, бир ёқадан бош чиқариб ўз фаолиятини тўғри ташкил қилиш лозимлигини билдириб, диний экстремистик оқимлар аъзоси сифатида ички ишлар органларида махсус рўйхатдан чиқарилган фуқароларни келгусида қўллаб-қувватлаш, уларнинг нопок йўлларга кириб қолишини олдини олиш, турли бузғунчи кучлардан ҳимоя қилиш бўйича ишлар энди янги босқичга чиққанлигини, улар билан профилактик ишларни кучайтириш лозимлигини қайд этди.
 
Бундан ташқари, ҳозирда нотўғри оқим ва йўналишларга кириб кетувчи, тўғри йўлдан алданувчи фуқаролар асосан мигрантлар орасида содир бўлаётганлигини инобатга олиб, диний вакиллар билан биргаликда профилактик суҳбатларни узоқ муддат чет элга чиқиб келган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган фуқаролар ўртасида ташкил қилиш лозимлиги, фуқароларга асл ислом дини моҳиятини тушунтиришда диний уламоларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишларини кўпайтириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур томонидан йиғилиш иштирокчиларига Қуръони каримнинг баъзи оятлари тафсири тушунтирилиб, хусусан, террорчи ва экстремистик кучлар ислом дини ниқоби остида Қуръон оятларини бузиб талқин қилиш орқали, ўз манфаатлари йўлида фуқароларни бузуқ эътиқодга эргаштираётганликлари айтилди.
 
Шунингдек, “Ҳизбут-таҳрир” диний экстремистик ташкилоти томонидан Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси, 103-ояти нотўғри талқин қилиниб, фуқаролар томонидан оқимга эргашиш, жиноят содир этиш ҳолатлари содир бўлганлигини, аслида, оқим вакиллари билан ўтказилган суҳбатларда, уларга илмий ислом ақидаларини изоҳлаб, шарҳлар ва исботлар келтирилганида ўз ғоялари нотўғри эканлигини тушуниб етганликлари, илмий манбаларга асосланмаган ҳолда Қуръони карим оятларига тафсирлар берилганлиги таъкидланди.

Теглар:Диний оқимлар Экстремизм 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар