...
МЕНЮ
ONLINE TV

Андижон вилоят МХХ давлат сиёсатидан норози, “ёт ғоялар ишқибозлари”ни қўлга олди


13:08, 14.12.2017 Жамият
 16 595

Пахтаободлик Нодир Ҳасанов II гуруҳ ногиронлари учун белгиланган имтиёзлардан тўла фойдалананган бўлишига қарамай, тўғри йўлдан оздирувчи ғояларга муккасидан кетди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Андижон вилояти бошқармаси ҳамда Андижон вилоят ИИБ ҳамкорлигида бир гуруҳ диний экстремизм ва терроризмнинг виртуал тарафдорлари кирдикорларига чек қўйилди.
 
Нодиржон Собиров Фарғона вилоятининг Қува туманида яшайди. 33 ёшни қаршилаган бу йигитнинг оиласи барбод бўлди – турмушига дарз кетди. Бекорчидан эл безор, деганларидек, фойдали меҳнат билан шуғулланиш ўрнига ёт ғоялар домига илинди. Планшетга термулишдан бошқа юмуши йўқ. Ўтган йили баҳорда “odnoklassniki.ru” ижтимоий тармоғига кириб, ўзига профиль очдию, аллакимлар билан “дўст”лашди. Уни соф ислом дунёсига оид илм эмас, балки иғвою бўҳтондан иборат турли маъруза ва даъватлар ўзига ром эта бошлади. Унга байрам, тўй-томоша, мусиқа ҳам ёқмай қолди.
 
Шундай ғаразли мулоқотлардан бирида у Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи Нодирбек Ҳасанов билан танишди. Бу йигитча болалигидан ногирон экан. Эътиқоди суст кимсаларнинг онгини майиб-мажруҳ қиладиган ғоялар баён этилган маърузалар ишқибози бўлган бу кичкина “шоввоз” Нодир Собировдан ўшандай даъватларни кўчириб олиш эвазига “янги”ларидан беришни таклиф қилди. Кўр кўрни қоронғуда топади, деганларидек, иккови дарров тил бириктирди. Фақат диний ақидапарастлик, ёт ғоялар хусусида гап кетмас, интернет орқали мулоқотларда давлат сиёсатидан норозилик “овоз”лари ҳам эшитиладиган бўлди.
 
Бу кимсаларнинг ҳамтовоғи Жасур Тошматов Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида туғилган. Ҳеч қаерда ишламайди. Оиласи, икки фарзанди бор. Ҳали ўттиз ёшга ҳам кириб улгурмаган бу йигитга “эл қатори ишласанг бўлмайдими?”, десангиз, бели оғрийди. Ўй-хаёли ёт ғоялар билан заҳарланган кимсаларнинг бир хусусияти бор, улар ишсиз, бекор юришни уят ҳисобламайди, ор-номусни унутиб қўяди.
 
Жасур ўтган йили Қозоғистондан Ўзбекистон ҳудудига божхона ходимлари кўзини шамғалат қилиб, мобиль телефонни олиб ўтди. Бу ҳаракат қонун тилида “контрабанда” дейилади.
 
Унинг хотирасига ақидапарастлик, мутаассиблик ғоялари билан йўғрилган даъват ва маърузалар, тинч аҳоли орасида турли тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўладиган маълумотлар жойлаштирилган. Ваҳоланки, бундай маълумотларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш тақиқланганини яхши биларди. Жасур ана шу ғаразли “юк”ни уйига олиб келгач, ноутбукнинг хотирасига ўтказди. Ундан ўзи Россиядан келтирган бошқа бир компьютерга ҳам кўчирди. Демак, уларни тинглаш билангина кифояланмас эди. “odnolassniki.ru” ижтимоий тармоғига уланиб, ўзига ўхшаган “дарди бедаво”ларга тарқата бошлади. Бир куни қувалик Нодир Собиров унга қўнғироқ қилди. Ёзёвонга келмоқчи экан, “кўришайлик”, деди.
 
Ёзёвон тумани Иштирхон қишлоғида жойлашган коллеж олдида учрашганларида Н.Собиров “Маърузалардан борми?”, деб сўради. “Бор” деган жавоб олгач, “олди-берди” бошланди. Ўртада нима гап-сўз бўлгани икковига аён. Аммо ғаразли мақсадлар, бузуқ ниятлар, софдил одамларни чалғитувчи “юк”ларнинг қўлдан-қўлга ўтгани аниқ.
Пахтаободлик Нодир Ҳасановнинг қилмишларини таҳлил қилиб, ҳайрон бўласан киши. У юқорида айтилганидек, болалигидан ногирон. Ҳамиша давлат ҳимоясида бўлиб келган, II гуруҳ ногиронлари учун белгиланган имтиёзлардан тўла фойдаланаётган бўлишига қарамай, тўғри йўлдан оздирувчи ғояларга муккасидан кетди.
 
“Оdnolassniki.ru” ижтимоий тармоғида турли номларда профиллар очиб, “оғу” қулига айланди. Мазкур ижтимоий тармоқдаги “Озодлик” радиоси гуруҳига аъзо бўлди. Бу гуруҳ нуқул давлат сиёсатига қарши ғоялар тарқатар эди. Нодир Ҳасанов 630 дан ортиқ зарарли маъруза, даъват ва видеороликларни “бошқалар кўрсин ва ўқисин”, деган мақсадда интернетга жойлади. 200 дан ортиқ “дўстлар”и билан мулоқотга киришди ва... охир-оқибат суднинг қора курсисига етиб келди.
 
ЎзАнинг хабарига кўра, Суд ҳукми билан улар ўз қилмишига яраша жазо олди. Ёш, ҳаётининг энг тотли дамлари олдинда бўлган бу йигитлар энди панжара ортида. Уларнинг қисматига шу ёзилган экан-да, деб қўйишингиз ҳам мумкин. Йўқ, ундай эмас. Агар дўст-қариндошлар, маҳалла-кўй бундан огоҳ бўлиб, сал ҳушёр бўлганида улар ижтимоий тармоқдаги қармоққа илинмаган бўларди. Виртуал тармоқлардаги қармоқдан эҳтиёт бўлайлик.
Сиёвуш Тўрахўжаев

Теглар:Ақидапарастлик Мутаассиблик ғоялар Диний экстремизм ва терроризм Андижон вилоят МХХ Андижон вилоят ИИБ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар