Дилмурод Мирзоакбаров 2014 йилда ОАВ орқали бундай материалларни республика ҳудудида тарқатиш ва тинглаш тақиқлангани ҳақида огоҳлантирилган. Бироқ...
Марғилон шаҳар суди ака-укаларнинг қилмиши юзасидан очилган жиноят ишини кўриб чиқди.
Суд жараёнида 41 ёшли Дилмурод Мирзоакбаров 2010 йилда интернетдан мобил телефон орқали Ўзбекистонда тақиқланган “Жиҳодчилик” гуруҳи етакчилари Абдуллоҳ қорининг “Жаннат ошиқлари” ва Рафиқ Камоловнинг “Бенамозлик” каби диний-экстремистик ғояларини илгари сурган аудиоёзувларни юклаб олганлиги аниқланди.
Шундан кейин Дилмурод Мирзоакбаров бу ёзувларни ўзининг 8 нафар синфдошига тарқатган.
2012 йилда айбланувчи Дилмурод Мирзоакбаров бу материалларни ўзининг 30 ёшли укаси Ҳамидулла Мирзоакбаровга ҳам юборган. Ҳамидулла Мирзоакбаров ҳам бу ёзувларни танишлари орасида “тарғиб қилган”.
Таъкидлаш керакки, Дилмурод Мирзоакбаров 2014 йилда ОАВ орқали бундай материалларни республика ҳудудида тарқатиш ва тинглаш тақиқлангани ҳақида тегишли тартибда огоҳлантирилган. Шунга қарамай, у аудиоёзувларни эшитишни ва тарқатишни давом эттираверган.
Суд жараёнида гувоҳлар Дилмурод Мирзоакбаровдан республикада тақиқланган материалларни қабул қилишганини тасдиқлашди. Айбланувчи ҳам ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Суд Дилмурод Мирзоакбаровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддаси, 1-қисми (жамоат хавфсизлиги ва жамиятга хавф солувчи материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) билан айбдор деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этди.
Унинг укаси Ҳамидулла Мирзоакбаров ҳам айбдор деб топилиб, 2 йил 1 ой муддатга 20 фоизлик иш ҳақини ушлаб қолиш шарти билан меҳнат ишларига жалб этилди.