Делегация аъзолари Жанубий Корея Республикаси полицияси миллий агентлигига боришди.
Маълум қилинишича, ташрифдан кўзланган мақсад ушбу мамлакат полицияси фаолиятини ўрганиш, тажриба алмашиш, жамоат тартибини сақлаш юзасидан ўзаро фикр алмашиш бўлган. Ташриф давомида ҳар икки мамлакат ички ишлар органлари вакилларининг қатор учрашувлари ўтказилиб, уларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, яқин алоқаларни йўлга қўйиш ва шу орқали жиноятчиликка қарши курашиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги истиқболдаги режалар муҳокама этилган.
Делегация аъзолари Жанубий Корея Республикаси полицияси миллий агентлигида бўлиб, Бош комиссар жаноб Мин Габ Ренг билан музокара олиб борган. Унда икки мамлакат ўртасида илиқ муносабатлар ўрнатилгани, уларни янада мустаҳкамлашдан томонлар манфаатдор эканликлари қайд этилган.
Жумладан, Сеул шаҳри полиция агентлиги комиссари Ли Жу Мин билан ҳам учрашув бўлиб ўтган. Унда Тошкент шаҳар ИИББ вакилларига ушбу ташкилотнинг асосий фаолият йўналишлари, жумладан патрул-пост ва йўл-патрул хизмати, уларнинг техник ва транспорт воситалари ҳақида батафсил маълумот берилган.
Делегация аъзолари Сеул шаҳри мерияси (ҳокимлиги)да бўлиб шаҳар маъмурияти аъзолари билан учрашган ва “Сеул бошқарув маркази” интелектуал тизими билан танишган. Бўлиб ўтган брифингда меҳмонларга “Хавфсиз шаҳар” тизими ҳақида батафсил маълумот берилган.
Бундан ташқари, делегация аъзолари Ёксам полиция участкаси, “У-Гангнам” видеокузатув назорат маркази ва “112” вазиятлар маркази ҳамда “Транспорт назорати маркази”да бўлиб, яратилган шароитлар билан танишган.
Тошкент шаҳар ИИББ делегациясининг Кореяга ташрифи давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Qalampir.uz” ўзбекистонлик талабанинг Жанубий Кореяда калтакланиши кескин норозиликларга сабаб бўлгани ҳақида хабар берган эди.