Вилоятда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги хорижий валютанинг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Ушбу масала юзасидан Хоразм вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, 23 сентябрь куни назорат тартибида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Урганч шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган С.М таниши Боғот туманида яшовчи 1986 йилда туғилган О.Т. билан жиноий тил бириктириб, тадбирга жалб қилинган фуқарога бир АҚШ долларини 8200 сўмдан сотишга келишиб, жами 6500 АҚШ долларини 53 300 000 сўмга сотаётганида қўлга олинган.
Ушбу ноқонуний валютафурушларнинг ёнлари кўздан кечирилганида, улар яна 200 АҚШ доллари, 1 300 Россия рубли, 27 000 Қозоғистон тенгеси ва 1 500 000 сўм пулларни келгусида ноқонуний равишда ўтказиш мақсадида сақлаб қўйганликлари маълум бўлди.
Бундан ташқари, 4 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, Урганч шаҳрида яшовчи, 1966 йилда туғилган Ж.Д. уйи олдида 10000 АҚШ долларини 81 000 000 сўмга сотмоқчи бўлганида ушланди.
Шунингдек, 8 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир натижасида тадбирга жалб қилинган фуқарога 6000 АҚШ долларини 48 900 000 сўмга сотишга уринганида ушланган, 1965 йилда туғилган, Урганч шаҳрида яшовчи, А.И.нинг ёнлари кўздан кечирилганида 6794 АҚШ доллари ва 1 688 000 сўм пуллар борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, юқоридаги валюта қимматликлари ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.