Америкалик рефери учинчи раундда Жасурбекдан бир очко олиб ташлаганди. Аммо шунга қарамай, шиддатли жанг Жасурбек ғалабаси билан якунланди...
Кеча, 28 август куни ўзбекистонлик яна уч нафар боксчи рингга кўтарилди.
+91 кг вазн тоифасидаги Баҳодир Жалолов мусобақадаги илк жангида даниялик Ким Лерсенга қарши рингга кўтарилди ва рақибини муддатидан аввал нокаутга учратди.
Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган яна бир боксчи — Жасурбек Латипов рақиби болгариялик Даниэль Асенов бўлди. Мураккаб кечган жангда Латипов кучли рақибини 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Қайд этиш жоиз, америкалик рефери учинчи раундда Жасурбекдан бир очко олиб ташлаганди. Аммо шунга қарамай, жанг якунидаги икки раундда мутлоқ устунлик Латипов томонда бўлди. Шиддатли жанг Жасурбек ғалабаси билан якунланди.
Шунингдек, -81 кг вазн тоифасидаги Бектемир Мелиқўзиев мусобақадаги иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлади. Мелиқўзиевга илк жангда россиялик Муслим Гаджимагомедов рўбаро келди ва ўзбекистонлик боксчи рақибини 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Эслатиб ўтамиз, кеча 28 август куни яна икки нафар ўзбекистонлик боксчилар: Элнур Абдураимов ва Шаҳрам Ғиёсовлар мусобақани ғалаба билан бошлашган эди.
Элнур Абдураимов арманистонлик Карен Тонаканяга қарши рингга кўтарилиб, ҳакамлар қарорига кўра жанг ғолиби деб топилган бўлса, Шаҳрам Ғиёсов украиналик рақиби Евгений Барабановни 5:0 ҳисобида мағлуб этгани ҳақида хабар бергандик.