Шерзод Шерматовнинг фикрига кўра, таълим тизимидаги муаммоларнинг барчаси ходимларнинг ойлик маошлари пастлигидан келиб чиқади.
Шерзод Шерматовнинг фикрига кўра, таълим тизимидаги муаммоларнинг барчаси ходимларнинг ойлик маошлари пастлигидан келиб чиқади.
“Ҳозирги вақтда республика миқёсида 11 мингдан ортиқ ўқитувчилик лавозимларида бўш иш ўринлари мавжуд ва 66 минг нафардан ортиқ олий таълим маълумотига эга бўлмаган ўқитувчилар мактабларда фаолият юритмоқда. Улар орасида эркак ўқитувчилар улуши 30 фоиздан кам, Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этади.
Муаммоларнинг асосий сабаби мактаб таълими тизимидаги ходимларнинг ойлик маошларининг ўта паст эканидир. Охирги уч йилликни сарҳисоб қиладиган бўлсак, умумий ўрта таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошлари энг паст бўлиб, ўсиш суръати ҳам бошқа соҳа вакиллари маошларига солиштирганда анча паст бўлган.
Натижада 2016 йилда мактаб таълими соҳасидаги ўртача ойлик Молия соҳасиникига нисбатан атиги 48 фоизни ташкил этган бўлса, бу йилга келиб 42 фоизгача камайганини кўриш мумкин.
Кейин эса ҳайрон бўламиз: нега таълимда ота-оналардан турли хил йиғимлар кўпайган, таълим тизими сифати тушиб кетган, болаларнинг тарбияси ёмонлашаяпти, уларни орасида жиноят ортмоқда, ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпаймоқда деб.
Ҳамма ўз иши билан овора бўлиб, фарзандларини асосий вақтини мактабда ўтказишини инобатга олсак, айнан мактабда яхши билим ва тарбия олган болалар келгуси ҳаётида муваффақиятга эришиш имкони кенгроқ бўлишини тушуниб етишимиз керак. Япония, Сингапур, Корея каби давлатларнинг ривожланишининг сири ҳам айнан ўқитувчиларнинг ойлик маошлари юқори қилиб белгилангани ва ҳар бир ўқитувчи ўрнига ўнлаб талабгорлар борлигидадир”
Шунингдек, Халқ таълими вазири молиячилардан Президент томонидан қўйилган ушбу вазифанинг ечимига бу сафар бошқача ёндашишларини, аввалгидек турли баҳоналар топиш эмас, балки қўйилган вазифани ижобий ечиш йўлларини топишга ҳаракат қилишларини сўраган.