Эртага Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида ҳоким раислигида амалий учрашув ўтказилади.
Маълумотга кўра, эртага, 14 июль куни 12:00 дан 15:00 га қадар Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев раислигида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга маъсул идоралар раҳбарлари, тадбиркорлар ва ҳорижий инвесторлар иштирокида амалий учрашув бўлиб ўтади.
Тадбир хусусий сектор вакилларининг истиқболли лойиҳаларини кўриб чиқиш ва ҳаётга жорий этишга қаратилган бўлиб, унда тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар Тошкент шаҳрини янада кўркам қилиш, пойтахтда саноат ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа барча соҳаларни ривожлантириш бўйича ўз лойиҳалари билан иштирок этишлари мумкин. Тадбиркорлардан лойиҳаларини слайд кўринишида тақдим этиш ҳам сўралади. Учрашув очиқ, холис ва шаффоф ўтиши айтиляпти.
Тадбирнинг муҳим натижаси сифатида Тошкентда турар жой биноларини қуришни режалаштирган тадбиркорларга лойиҳалари тасдиқдан ўтгач, Тошкент шаҳар ҳокимияти заҳирадаги ҳамда бўш ерларни Давлат шерикчилиги асосида ажратади. Бунда давлат шерикчилигининг аҳамияти шундаки, турар жой биноларининг қурилиши тугатилгач, давлатга уларни сотишдан тушган даромаддан фоиз тўланмайди, балки умумий хонадонларнинг 10-15 фоизи ҳокимлик тасарруфига ўтказилади ва ушбу хонадонлар чин етим, ногирон, кам таъминланган, боқувчиси йўқ уй-жойга муҳтож аҳоли қатламига тақдим этилади. Бу билан ҳам шаҳар ободончилигига ҳисса қўшилади, ҳам кўнгли яримларнинг эҳтиёжи қондирилади.
Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.