...
МЕНЮ
ONLINE TV

Халқ демократик партияси Ҳотамжон Кетмонов номзодини Президент сайловига тасдиқлади


09:18, 17.10.2016 Жамият
 2 169

Жорий йилнинг 4 декабрь куни Республикамизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.

14 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Х қурултойи бўлиб ўтди. 

Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастурини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партия ташкилотларининг ташкилий ва сиёсий вазифаларини муҳокама этиш, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг уставига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди. 

Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг VI пленумида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиядан таклиф қилинган – ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов номзоди тасдиқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастури тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. 

Таъкидландики, Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури партиянинг асосий мақсадларига асосланади. Унинг устуворлиги жамиятнинг барча аъзолари учун ҳар томонлама ривожланиш ва ишончли ижтимоий кафолатларни таъминлашга йўналтирилган. Бундан кўзланган мақсад аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни юритишдан иборатдир.
 
Сайловолди дастурида меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишини, фуқароларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлиги қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилишини, ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратилишини, пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва аҳолининг меҳнатга лаёқатсиз бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизими шакллантирилиши билан боғлиқ масалалар қамраб олинган.
 
Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясида Ўзбекистон ХДП ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди. 

Сайлов кампаниясининг барча босқичларида партия ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида тузилган штаблар фаолиятини самарали ташкил этиш, сайлов участкаларида иштирок этадиган кузатувчиларни ҳуқуқий жиҳатдан тайёрлаш, билим ва кўникмаларини ҳар томонлама ошириш, ишончли вакилларнинг ўз ваколатларини тўлақонли бажаришлари учун шарт-шароитларни яратиш, сайловолди ташвиқотини самарали олиб бориш бўйича тавсиялар берилди. 

Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг уставига қонунчиликка мувофиқ тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
 
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Теглар:Ҳотамжон Кетмонов Халқ демократик партияси Президент сайлови 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар