...
МЕНЮ
ONLINE TV

Халқ билан давлат ўртасидаги очиқлик аҳолига қандай таъсир қилди?


17:32, 18.07.2017 Жамият
 3 599

Давлат органларига, асосан, ариза ва шикоятлар тушади, аммо таклифлар у даражада кўп эмас.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари 2017 йилнинг бошидан бери халқ ва давлат ўртасидаги муносабатлар юзасидан аҳолининг фикрини мониторинг қилиб келишади.
 
Сўров натижаларини умумлаштириш шуни кўрсатдики, юртдошларимизнинг кўпчилиги – 89,6 фоизи фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан асос солинган фуқаролар билан фаол ва очиқ мулоқот қилишнинг янги тизими, Халқ қабулхоналари институти аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал қилишнинг самарали механизми ҳисобланади.
 
Сўровда иштирок этганларнинг 35,1 фоизи давлат ҳокимияти ёки хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилган. Уларнинг аксарияти тадбиркорлар, давлат хизматчилари ва пенсионерлардир.
 
Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри аҳолиси ўзларининг ушбу ҳуқуқларидан кенг, Бухоро ва Жиззах аҳолиси эса кам фойдаланган. Тадқиқотнинг кўрсатишича, қишлоқ аҳли шаҳарликларга, аёллар эса эркакларга қараганда кўпроқ давлат органларига мурожаат қилади.
 
Сўров натижаларига кўра, юртдошларимизнинг кўпчилиги анъанавий, яъни ташкилотлар, вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар қабулхоналари орқали ёзма ариза воситасида мурожаат қилишни мақбул, деб биладилар. Ёшлар ва ўрта ёшлилар эса интернет тармоғи орқали мурожаат қилишни маъқул кўради. Уларнинг 87,1 фоизи фикрича, Ягона интерактив давлат хизматлари портали – gov.uz жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкор қабул қилиш ва узатишнинг самарали воситаси ҳисобланади. Бунда –фуқаролар вақти беҳуда сарфланмайди, идорага шахсан келишига зарурат туғилмайди, чунки барча мурожаатлар онлайн режимида масофадан туриб амалга оширилади.
 
Фуқароларнинг кўпчилиги (81,2 фоизи) мустақил равишда, яъни бировнинг ёрдамисиз мурожаат қилган. Сўровнинг ҳар бешинчи иштирокчиси эътироф этишича, улар ариза ёки шикоят матнини тузишда қариндошлари, ҳамкасблари, танишлари ёки юристлардан ёрдам сўраган.
 
Давлат ташкилотларига йўлланган мурожаатларнинг мутлақ кўпчилиги – 91,7 фоизи шахсий мазмундаги масалалар экани диққатга сазовор. Фуқароларнинг жамоа бўлиб мурожаат қилиши кенг тарқалмаган. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, давлат органларига, асосан, ариза ва шикоятлар тушади, аммо таклифлар у даражада кўп эмас.
 
Тадқиқотда қатнашганларнинг ярмидан кўпи турли даражадаги ҳокимликларга, 31,2 фоизи эса маҳалла фуқаролар йиғинларига мурожаат қилган. Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ёки қайта тиклашни сўраб суд идораларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат этувчи органларга, пенсия жамғармасига ҳам арз қилишади. 2017 йилда 18-20 ёшдагиларнинг мурожаатлари кўпроқ таълим идораларига, 21-30 ёшдагиларники эса маҳаллаларга йўналтирилган. Сўров яна шуни кўрсатдики, респондентларнинг даромади қанча паст бўлса, улар ёрдам олиш учун шунча кўп ташкилотлар ва муассасаларга мурожаат қиладилар.
 
Одамларимизни кўпроқ коммунал хизмат, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ ва иситиш таъминоти масалалари ташвишлантиради. Респондентларнинг 24,1 фоизи оилавий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам сўраган. Пенсиялар, ижтимоий нафақаларни вақтида олиш, банкдан ссуда ва кредитлар ажратишдаги тўсиқлар, сифатли тиббий хизматлар кўрсатилиши билан боғлиқ масалаларда мурожаат қилаётган фуқаролар ҳам талайгина.
 
Фуқароларнинг 84,6 фоизи мурожаат қилган ташкилот раҳбари ёки бошқа мансабдор шахс уларни қабул қилгани ва масалани “назоратга олган”идан мамнунлигини билдирган. “Аризангиздан воз кечиш ёки қайтариб олиш мақсадида Сизга бирор киши руҳий тазйиқ (жумладан, таҳдид, қўрқитиш) ўтказдими?” деган саволга мутлақ кўпчилик иштирокчи (94,4 фоиз) “йўқ”, деб жавоб бергани диққатга сазовор. Шундай бўлса-да, мурожаат қилувчиларга бефарқ қараш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турганини айтиш зарур. Сўровда аниқланишича, ҳар олтинчи респондент “ариза ёки шикоят билан мурожаат қилган ташкилот ёхуд идора мансабдор шахси томонидан қабул қилинмаганлигини” таъкидлаган.
 
Тадқиқот натижаларига кўра, сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпи (55,5 фоизи) давлат муассасаларига мурожаат қилиш натижаларидан тўла даражада қониқади, 26,7 фоизи қисман қониқиш ҳосил қилган. Мониторингда давлат ҳокимияти ёки хўжалик бошқаруви органларидан олинган жавобдан қониқмаганини билдирган фуқаролар 3,5 фоиз камайгани аниқланди.
 
Тадқиқотда қатнашган юртдошларимизнинг 68,7 фоизи фикрича, давлат ҳокимияти ёки хўжалик бошқаруви органларига мурожаатлари туфайли улар долзарб муаммоларини ижобий ҳал қилишга эришган.
 
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази

Теглар:Ижтимоий фикр 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар