...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ижтимоий фикр: ўзбекистонлик ёшларнинг ўз фикри, ўз нуқтаи назари бор!


19:27, 11.10.2017 Жамият
 2 899

Иштирокчиларнинг динга муносабати сўралганда, деярли ҳар иккинчи иштирокчи Яратганга ишонишини, аммо диний турмуш тарзи ўзига жалб қилмаслигини билдирди.

Мамлакат аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этадиган, ўзига хос ижтимоий-демографик хусусиятга эга қатлам — ёшларнинг бугунги кайфияти, қизиқишу интилишлари, маънавий-руҳий олами қандай?
 
Улар учун ҳаётда нималар қадрият даражасига кўтарилган?
 
Ўз навбатида, уларни нима ўйлантиради ва ташвишга солади?
 
Умуман, Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлиги қандай ютуқларда намоён бўлмоқда?
 
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари ўтказган навбатдаги сўровда ушбу саволларга жавоб изланди. Унда 14 ёшдан
29 ёшгача бўлган мингдан зиёд йигит-қизлар қамраб олинди.
 
Талаба бўлиш орзуси
Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, айни чоғда ёшларимиз учун таълим, айниқса, олий таълимнинг ижтимоий аҳамияти ўсиб бормоқда.
 
Агар 2010/2011 йилларда ёшларнинг фақат учдан бир қисми олий маълумот олишни хоҳлаган бўлса, 2017 йилга келиб, 76,5 фоиз йигит-қиз олий ўқув юрти талабаси бўлиш — энг катта орзуси эканини билдирди.
 
Навқирон авлод вакилларининг фикрига кўра, олий таълим ҳаётда маълум бир ютуқларга, ижтимоий мавқега эришиш, яхши даромад топиш ҳамда меҳнат бозорида ўз ўрнига эга бўлишнинг гарови ҳисобланади.
 
Респондентлар қизиқиши касбий нуқтаи назардан ўрганилганида, улар педагогик (18,6 фоиз), тиббиёт (9 фоиз) йўналишларида, шунингдек, молия соҳасида олий маълумот олишни афзал кўрадилар. Сўралганларнинг 4,6 фоизи ахборот технологиялари соҳасида малакали мутахассис бўлишни истайди.
 
Бироқ ёшларнинг техника соҳасига у қадар қизиқиш билдирмаганини ҳам таъкидлаш жоиз. Бу, социологларнинг фикрича, ёш авлод ўртасида техникага касбий йўналтириш ишларини кучайтиришни тақозо қилади. Чунки мамлакат иқтисодиёти учун мазкур соҳага ихтисослашган ёш кадрлар ғоят зарур.
 
Тадқиқотдан аён бўлдики, Ўзбекистон ёшлари ўз билим ва салоҳиятига ишонч аста-секин ошиб бормоқда. Буни олий ўқув юртига кириш учун репетиторлардан сабоқ олишни мақбул санайдиган ёшлар сонида пасайиш кузатилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Олий таълим муассасасига киришда мадад ҳамда ёрдам олиш учун қариндошлар ёки танишлардан фойдаланишни истайдиган респондентлар сони сезиларли камайгани яна бир эътиборли жиҳатдир.
 
“Олий ўқув юртига бюджет асосида кириш учун етарли балл тўплай олмасангиз, шартнома асосида ўқийсизми?” деган саволга сўралганларнинг 69,2 фои­зи ижобий жавоб берди. Бир йил олдин бу кўрсаткич 57,7 фоизни ташкил этган эди. Кимдир ўқиш ҳақини мустақил тўлаш имкониятига эгалигини кўрсатса, бошқа бири банкдан таълим кредити олишни кўзлайди, яна кимдир ҳомий топишга ҳаракат қилади. Айни дамда ҳар бешинчи респондент ўқиш ҳақини тўлашга имконияти йўқлигини яширмади.
 
Меҳнат бозори рақобатда тобланмоқда
Сўровда аён бўлишича, ёшларнинг иш билан бандлик даражаси маълумотга узвий боғлиқ. Масалан, меҳнат билан банд олий маълумотли ёшлар сўралганларнинг 71,7 фоизини ташкил этди. Респондентларнинг фақат 53,5 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишлаётганини кўрсатди.
 
Аҳамиятлиси, Ўзбекистоннинг келажаги соҳиблари меҳнат фаолияти давомида юқори мансаб пиллапояларига кўтарилишга интилмоқдалар. Хусусан, сўралганларнинг ярмидан кўпи — 57,2 фоизи хизматда кўтарилиш истаги борлигини маълум қилди. Йигитларда бу хоҳиш қизларга нисбатан кучли экани ойдинлашди.
 
Хизмат давомида тобора юқори даражага кўтарилиш кўпроқ олий маълумотли ёшларни ўзига жалб этмоқда (76,3 фоиз). Ўрта ва ўрта махсус маълумотли йигит-қизлар эса хизматда ўсишда қийинчиликларга дуч келишини билдирдилар. Уларнинг 11,1 фоизи мутахассислик бўйича иш топиш қийинлигига, 6,3 фоизи коррупция ҳамда порахўрлик ҳолатлари тўсиқ бўлишига ишора қилишди.
 
Хорижда вақтинча ишлаш истаги респондентларнинг 18,2 фои­зига хосдир. Сурхондарё ва ­Тошкент (31,2 фоиз) вилоятлари ёшларида ишлаб, даромад топиш учун чет элга кетиш хоҳиши анча юқори.
 
Ватанни севмоқ саодати
Навқирон авлоднинг маънавий-ахлоқий қарашлари ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигининг ўзига хос мезони, десак янглишмаймиз. Ўтказилган сўров бу борада ҳам муайян хулосага келиш имконини берди.
 
Ёшларимиз халқимиз тарихини билиш, миллий анъаналарга ҳурмат, ҳалоллик, миллий ғурур, кўнгил поклиги, камтарлик ҳамда бағрикенгликни юксак маънавият белгиси сифатида кўрсатдилар.
 
Бунинг акси ўлароқ, салбий сифатлар қаторида порахўрлик (59,1 фоиз), иккиюзламачилик (41,9 фоиз), калондимоғлик (40,9 фоиз), бепарволик ва лоқайдлик (21,9 фоиз), боқимандалик (16,6 фоиз)ни келтирдилар.
 
Дарвоқе, ёшларимиз “Ватанпарварлик” тушунчасини ҳам тобора теран англаб етмоқдалар. “Ватанпарварлик нима ўзи?” деган саволга респондентларнинг 71 фоизи она-юртни севиш, 60,2 фоизи унга фидокорона хизмат қилиш, 43,9 фоизи эса Ватан ҳимоясига шай туриш жавобини беришди.
 
Ёт ғояларга қарши маърифат билан
Тадқиқот асносида ёшларнинг динга муносабати алоҳида инобатга олинди. Унда деярли ҳар иккинчи иштирокчи Яратганга ишонишини, аммо диний турмуш тарзи ўзига жалб қилмаслигини айтди.
 
Бунга зид равишда 15,6 фоиз ёшлар диний амалларга тўла риоя этиб яшашни жозибадор санайди.
 
Бу хусусида кўпроқ Андижон (49,5 фоиз), Наманган (40,2 фоиз), Сирдарё (34,5 фоиз) ва Сурхондарё (24,4 фоиз) ёшлари сўз юритдилар.
 
Шунингдек, иштирокчилар турли диний экстремистик гуруҳларга нисбатан ҳам ўзларининг қатъий ёндашувини ифода этди.
 
Сўралганларнинг 76,6 фоизи уларни ислом шиори остида ҳокимиятга интилувчи кучлар деса, 72,1 фоизи ёшларни халқи­миз руҳиятига ёт бўлган ғоялар билан заҳарлашни истайдиган Ўзбекистон душманлари, 56,6 фоизи қуролли газандалар сифатида кўради.
 
Хўш, ёшларимиз дин ниқоби остида бегуноҳ инсонлар қонини тўкаётган бундай кучлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун нима қилмоқ керак?
 
Респондентларнинг мутлақ кўпчилиги оилада, ўқув масканларида маънавий-ахлоқий тарбия ишларини кучайтириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш ва уларнинг моддий аҳволини яхшилаш орқали ўсиб келаётган авлодни диний экстремистлар таъсиридан асраш мумкинлигини қайд этишди.
 
Билим ва таҳдидлар майдони
Бугун турмуш тарзимизни замонавий ахборот технология­ларисиз тасаввур қилиш мушкул. Компьютер ҳамда глобал ахборот тармоғи ёшларимиз ҳаётига шиддат билан кириб бораётганидан кўз юмиб бўлмайди.
 
Ижтимоий сўровда ўзбекистонлик ёшларнинг бу борадаги саводхонлиги, кўникма ва ёндашувларига диққат қаратилди.
 
Натижаларга кўра, магистратурада ўқиётган ҳамда тўлиқсиз олий ва олий маълумотли ёшлар ўрта ҳамда ўрта махсус маълумотли тенгдошларига нисбатан компьютерни яхши биладилар ва ундан эркин фойдалана оладилар.
 
Шунинг ўзиёқ умумтаълим мактабларида, ўрта махсус ўқув юртларида ёш авлодда компьютер билан ишлаш кўникмасини ошириш учун шарт-шароитларни такомиллаштириш заруратидан далолат беради.
 
Сўровнинг кўрсатишича, интернетдан ёшларнинг 8,5 фоизи доимий, 20,5 фоизи аҳён-аҳёнда фойдаланади. 33,1 фоиз йигит-қизлар интернетга деярли мурожаат этмайди. Ёшларнинг баҳо беришича, глобал тармоқ янгиликлар манбаи сифатида кўпроқ билим олиш учун керак.
 
Бундан ташқари, у ўзаро мулоқот юритиш, мусиқа, фильм, дастур ҳамда ўйинларни кўчириб олиш воситаси ҳамдир.
 
Сўров иштирокчиларидан 35,4 фоизи ота-оналари интернетдан фойдаланишини мунтазам, 28,8 фоизи баъзан назорат қилишини, 34,5 фоизи умуман назорат остига олмаганини билдирди.
 
Ушбу ахборот маконида ёшларга салбий таъсир қиладиган материаллар мавжудлигидан келиб чиқиб, йигит-қизларни бундай хатарлардан асраш учун номаъқул сайтларни блоклаш, интернет-кафеларда назоратни кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.
 
Соғлом турмуш — соғлом келажак
“Соғлом турмуш тарзи” тушунчаси юртимиз ёшлари учун ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликдан йироқ бўлиш, спорт билан шуғулланиш, гигиена қоидаларига, тўғри овқатланиш рационига амал қилишни ўз ичига олади.
 
Қувонарлиси, ёшларимизнинг катта қисми — 84,1 фоизи соғлом турмуш кечираётганини қайд этди. Уларнинг 46,6 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланади.
 
Сўровда 9,4 фоиз респондент ўз маҳалласи ёки қишлоғида спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитни аъло даражада баҳолаган бўлса, 22,7 фоизи яхши, 22,1 фоизи эса наридан-бери эканини маълум қилди.
 
Жиззах, Навоий вилоятлари ёшлари спорт ривожи учун ўз ҳудудларида яратилган қулайликларни мамнуният билан эътироф этдилар. Сурхондарё, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Хоразм ёшларини эса, афсуски, мавжуд шароитлар қониқтирмайди.
 
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан қатор йиллардан буён мазкур мавзуда ўтказиб келинаётган тадқиқот шуни кўрсатмоқдаки, ўзбекистонлик ёшларда фаол ҳаётий нуқтаи назар, мустақиллик, мақсадга интилувчанлик, ижтимоий ҳаракатчанлик изчил шаклланиб бораяпти.
 
Муҳими, улар ўз Ватани билан фахрланадилар ҳамда янги босқичда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини туядилар.
 
Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида ижтимоий йўналтирилган ёшлар сиёсати амалиётга самарали татбиқ этилаётганининг ёрқин натижасидир.
Ф. Маҳкамова

Теглар:Ижтимоий фикр Бугунги ёшлар Сўровнома натижалари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар