...
МЕНЮ
ONLINE TV

Грипп бошландими? Бирга енгамиз


13:58, 20.01.2017 Саломатлик
 6 055

Касалликнинг бошланиш даври турли белгиларда намоён бўлади: ҳолсизлик, бош оғриғи, иштаҳанинг йўқолиши

Қиш мавсумида қор, ёмғирдан кейинги изғирин совуқда турли касалликлар кўпая бошлаши ёмон. Айниқса, тумов (грипп) юқумли бўлиб, унинг асоратлари аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.
 
Касалликнинг бошланиш даври турли белгиларда намоён бўлади: ҳолсизлик, бош оғриғи, иштаҳанинг йўқолиши. Кўп учрайдигани бу – томоқ қуруқшаб, қирилишидир. Оғиз шиллиқ қаватининг зарарланиши вирусли инфекциялар юқуши туфайли содир бўлади.
 
Вирусли инфекция атрофдагиларга жуда тез тарқалади. Маълумки, одам акса урганда, йўталганида ёки гапирганида оғзидан кўз илғамас суюқлик томчилари атрофга сачрайди. Вирус ана шу томчилар орқали юқиши билан хавфли.
 
Касалликнинг белгилари намоён бўлганда, нима қилиш керак? Аксарият ҳолларда касаллик кечқурун бошланади. Ўзбилармонлик билан турли дори воситаларини шифокор маслаҳатисиз қабул қилиш мумкин эмас.
 
Аввало оила аъзоларингизнинг хавфсизлигини таъминлаш зарур. Бунинг учун хонани шамоллатиб, пўстлоғи арчилган пиёз ёки саримсоқ донасини идишга солиб қўйинг. Тумов бошланганда исириқ тутатиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки тутун томоқни янаям қурутиб, нафас йўлларини қисиши мумкин. Бир чимдим мойчечак, туз ёки исириқ солинган дамлама ёрдамида оғиз бўшлиғини чайиш керак. Бу томоқни анча юмшатади.
 
Ётиш олдидан мойчечакли ёки исириқли дамламага бир чой қошиқ асал солиб, иссиқлигида ҳўплаб-ҳўплаб аста ичилади. Дамламанинг шифобахш ҳусусияти эрталабгача оғриқсиз тиниқиб ухлаб олишингизга ёрдам беради.
 
Эрталаб касалликнинг белгилари йўқ бўлгандай туюлади. Аммо шифокорга бориш, буюрилган дори воситалари ёрдамида даволаниш зарур. Ёш болаларда тумов оғирроқ кечади. Шу сабабли касалликнинг белгилари пайдо бўлиши биланоқ шифокорга мурожаат этиш керак.
Муҳайё Саидова

Теглар:Тумов Грипп Шифобахш дамлама 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!