Яқинда Германия вакили Саудия Арабистонини ваҳобийлик ғояларини тарғиб қилишда айблаб чиқди. Унинг фикрича, дунёдаги терроризмнинг асоси айнан шу мафкура бўлиб қолмоқда.
Габриэль Саудлар тузумининг мусулмонларни радикаллаштираётган масжидларни молиялаштираётганлигига алоҳида урғу берди. “Саудлар шуни қулоқларига қуйиб олсинларки, кўз юмиб келган даврларимиз ортда қолди. Ваҳобий масжидлари дунё бўйлаб Саудия Арабистони томонидан маблағ билан таъминланади. Германияда жамоат тартибига хавф соладиган кўпгина исломчилар айнан шу жамиятлардан келиб чиқмоқда”.
Ваҳобийлик сунний ислом динининг энг кескин оқимларидан бири бўлиб, Саудия Арабистонининг расмий давлат дини ҳисобланади. Шунингдек, ИШИД ва Ал-Қоиданинг экстремистик мафкураси ушбу оқим асосида шаклланган, деб тахмин қилинади. Саудлар тарихан ваҳобийлик масжидларини бутун дунёда қўллаб-қувватлаб, унинг машҳурлилик даржасини оширишга ҳаракат қилиб келишган.
Германиянинг ушбу айбловига жавобан, Саудия Арабистонининг Берлиндаги элчиси шундай фикрларни билдирди: “Бизнинг давлатимиз ёшларнинг радикаллашиб кетишига қарши. Худди Германия сингари биз ҳам халқаро аксилтеррор ҳаракатининг аъзосимиз ва бошқа давлатлар билан елкама-елка туриб ИШИДга қарши курашамиз”.
Саудия Арабистонига қарши бундай чиқишлар одатий ҳолга айланган, аммо ғарб давлатларидан бундай кескин баёнотларни эшитиш камдан-кам содир бўлади. Чунки Форс кўрфази араб давлатлари ғарбнинг асосий ҳамкорларидан ҳисобланишади.