

2016 йилнинг кириб келишига саноқли кунлар қолганда биопаспорт билан боғлиқ саволлар ортиб бормоқда.
Facebook.com ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Дилшодбек Каримов Потребитель.уз гуруҳига биометрик паспорт билан боғлиқ саволини ёзиб қолдирди. “Биометрик бўлмаган паспортимни алмаштириш учун ўзим истиқомат қилаётган Устепа тумани ИИБ Паспорт столига борсам, мени февраль ойига навбатга ёзишди. Энди ўйланиб турибман, ҳамма ерда 2016 йилгача эски паспортлар янгисига алмаштирилмаса, жаримага тортилади дейилган. Февралгача кутсам мени жаримага тортишадими ёки йўқ?”, дейди Facebook фойдаланувчиси.
Дилшодбек Каримовнинг юқоридаги мурожаати юзасидан биз Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш, келиш ва ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига қўнғироқ қилдик. Бошқарма масъулларининг маълумот беришича, 2015 йилнинг 31 декабрига қадар паспорт алмаштириш учун ариза топширган фуқаролар, тайёр паспортни келаси йил олган тақдирда ҳам жаримага тортилмайди. Янги паспортни олиш бўйича муддат ИИБга ариза топширилган кундан эътиборан амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги паспорти 2015 йилнинг 31 декабрига қадар ҳақиқийлиги белгилаб қўйилган.