...
МЕНЮ
ONLINE TV

Европа Иттифоқи йўл қўйган 10 та хато нималардан иборат?


15:04, 07.12.2015 Олам
 4 043

Сўнгги пайтларда Европа Иттифоқи бошидан кечираётган инқирозларнинг сабаблари таҳлили.

Ҳозирги кунда ЕИни бир-бири билан боғлиқ бўлган бир қатор инқирозлар қамраб олган. Баъзи инқирозлар институционал характерга эга бўлса, яна баъзилари объектив омиллар билан боғлиқ ва ЕИнинг янги таҳдидларга умуман тайёр эмаслигини кўрсатмоқда. АҚШнинг ҳарбий, сиёсий, иқтисодий соҳадаги ҳамкорлиги ҳам ЕИ ичида турли инқирозларга сабаб бўлмоқда.
 
Европа интеграциясининг умумий сиёсати инқирози

Ягона макон барпо этиш борасидаги иштиёқ, айниқса, Германия ва Фрациянинг ЕИни яратишдан кўзлаган асл мақсадлари маълум бўлгач, ўз кучини йўқота бошлади. ЕИнинг қарор қабул қилиш тизими, яъни Европа комиссияси аъзолари тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан сайланмаслиги демократик меъёрлар ва қадриятларга тамомила зид келади. Бу ҳолат ҳамжамият ичида миллий давлатлар асосини емириб, маъмурий буйруқбозлик ролини кучайтирмоқда.

Натижада аъзо давлатларнинг Иттифоқ институтларига нисбатан ишончсизлиги ортиб бормоқда. Бундан ташқари, миллий давлатлар суверенитетининг кучсизланиши мамлакатларнинг жаҳон сиёсатининг субъектлари сифатидаги ролини камайтиради. Бунгача Германия, Франция, Италия каби давлатлар, АҚШ ва НАТОга ҳар томонлама боғлиқ бўлишига қарамай, дунё марказлари ролига даъвогарлик қилишган бўлса, эндиликда уларнинг имконияти сезиларли даражада пасайди. Алоҳида давлатларнинг қизиқиш ва манфаатлари нафақат табиий рақобат, балки ички қаршиликлар билан ҳам тўқнаш келмоқда. Бу қаршиликлар турли хил ташаббусларни музлатиб қўйишда ўз ифодасини топмоқда. Улардан бири Франциянинг Ўртаер денгизи иттифоқи лойиҳасининг Германия томонидан тўсқинлик қилиниши ҳисобланади.

1648 йилда Вестфалия шартномаси ўрнатиб берган халқаро муносабатлар тизими ҳукмрон бўлган даврдан то Биринчи жаҳон урушигача Европа давлатлари жаҳондаги роли ва аҳамияти билан фахрланган бўлишса, эндиликда ҳатто уларнинг бирлашган иттифоқига ҳам мукаммал сиёсий бирлик сифатида қаралмаяпти.
 
Иқтисодиёт инқирози

Еврозонадан Грециянинг чиқиб кетиш хавфи, шунингдек, инқироз ёқасига келиб қолган бошқа номзодлар ҳақидаги муҳокамалар ЕИ иқтисодий сиёсатининг номукаммал бўлганлигини исботламоқда.

Гарчи Жорж Соросга ўхшаган таниқли неолибералистик ғоя намоёндалари европалик сиёсатчиларга иқтисодиётни оёққа турғизиш бўйича маслаҳатлар бериб туришса-да, ЕИ тўлиқ эркин иқтисодиётга ўтишдан ҳам, анча оқилона ва мувозанатлашган бошқарув шаклига қайтишдан ҳам ўзини тийиб турмоқда.

Шу билан бирга, Вашингтон томонидан илгари сурилаётган Савдо ва инвестициялар бўйича трансатлантик ҳамкорлик, яъни НАФТА ва ЕИ ўртасида эркин иқтисодий зона яратиш хавфи ЕИни ўз домига тортиб бормоқда.

Европа жамияти АҚШнинг ушбу ташаббусига танқид кўзи билан қарамоқда. Тадқиқотчиларнинг назарида, халқаро меъёрлар ва қонунларга асосан, ЕИ фақатгина музокаралар олиб бориш ҳуқуқига эга, лекин Вашингтоннинг босими остида улар ёпиқ эшиклар ортида ўтказилмоқда. Бундан ташқари, АҚШ томонидан бир неча марта иттифоқнинг ички қонун-қоидаларига аралашиш ҳолатлари кузатилган. Бу ҳақда нафақат Европанинг, балки АҚШнинг ҳам фуқаролик жамияти ташкилотлари ва вакиллари гувоҳлик беради. Бунга ўхшаган ҳаракатлар, одатда, лоббистик компаниялар томонидан амалга оширилади. Мисол учун, “Хусусийлик ва эркин савдо бўйича уюшма” (“Coalition for Privacy and Free Trade”) ташкил қилган “Hogan Lovells” компанияси фаолиятида АҚШнинг сиёсий манфаатлари яққол кўриниб турибди. Чунки “Hogan Lovells”да АҚШнинг ЕИдаги собиқ элчиси Уго Пемен, АҚШнинг ЕИдаги савдо-сотиқ ишлари бўйича собиқ вакили Клейтон Эуттер, Оқ уйнинг Интернет сиёсати бўйича бошқарма бошлиғининг собиқ ўринбосари Дэниел Вайтцнер фаолият кўрсатади.

“Hogan Lovells”нинг мувафаққияти европалик истеъмолчиларнинг трансмиллий корпорациялар босимига чидай олишига боғлиқ. Шунингдек, бу вазиятда ЕИ давлатлари раҳбарларининг хоҳиш-иродаси ҳам муҳим аҳамиятга эга.
 
Европа маданиятининг инқирози

ЕИнинг умумий макон яратиш ғояси расмий Брюссельни ҳамжамиятга аъзо давлатларнинг ягоналигига урғу беришга қаратилган махсус дастурлар ишлаб чиқишга ундади.

Бироқ Биринчи жаҳон урушининг якунлари тўғрисидаги Версаль тинчлик шартномаси белгилаган тамойиллар ва Европага хос миллий қадрият ва анъаналарни, шу жумладан, христианлик негизларини қўллаб-қувватлаш ўрнига, Брюссель маданиятнинг постмодернистик моделини, бошқача айтганда, кўп маданиятлилик (“мультикультурализм”)ни ўз мафкурасининг асосига айлантирди. Бир неча йил олдин, Германия ва Франция раҳбарлари мазкур моделнинг таназзули ҳақида расман эълон қилишган эди. Гарчи кўпмаданиятлилик, асосан,  демографик нотенглик ва Европанинг “исломлашиш” жараёни билан боғлиқ бўлса-да, ушбу муаммонинг илдизлари анча чуқурроқдир, унинг оқибатлари эса кутилгандан кўра аянчлироқ бўлиши мумкин. Бу ерда гап фақатгина тарихий хотирага нисбатан ҳурматсизлик ҳақида бормаяпти. Таълим соҳасида ҳам интеллектуал емирилиш жараёни авж олмоқда. Охир-оқибат бу ҳолат Европада азалий инсоний қадриятларнинг йўқолиб боришига олиб келади. Мазкур жараённинг аянчли исботидан бири – бир жинсли никоҳ тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилинишидир.
 
Жинсий номуттаносиблик инқирози

АҚШ томонидан илгари сурилаётган трансгуманизм ғоялари Европа халқларининг бой маданияти ва тарихини барбод қилиш механизми сифатида намоён бўлмоқда. Таассуфки, бир жинсли никоҳ ва таълимни одамнинг жинсига қараб ажратишга бағишланган бир қатор қонунлар аллақачон Европа халқлари ҳаётига тадбиқ этилиб бўлинди. Лекин улар кўпчилик томонидан қаршиликка учрамоқда. Ушбу қонунлар келажакда қайта кўриб чиқилишига умид қиламиз.

Шунга қарамай, бу вазият ЕИ ҳақидаги тасаввурларга салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Европа кун сайин бетартибликнинг асосий тарғиботчисига айланиб бормоқда.
 
Ҳарбий-сиёсий инқироз

Украина можароси ва Россияни Европанинг шарқий чегараларида ушлаб туриш бўйича қилинган ҳаракатлар ЕИ ҳарбий кучларини АҚШнинг таъсир доирасига тушиб қолишига сабаб бўлди. НАТОга аъзо давлатлар “Атлантик дадиллик” деб аталувчи узоқ муддатли операцияни бошлаб, Вашингтон кўрсатмаларининг қурбонига айланишди.

НАТОнинг роли устидаги баҳслардан ташқари, ЯИМнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағни талаб қилувчи Европа кучларини яратиш ғояси атрофида турли давлатлар орасида мазкур стратегияга нисбатан норозилик кайфиятлари пайдо бўлди.

ЕИ ҳарбий-сиёсий гуруҳи 2015 йил 11 февралда Европа Кенгашига тавсиянома юборган эди. Унда ёзилишича, ЕИнинг барча аъзолари ҳарбий операциялар олиб боришга рози, аммо уларда қатнашишга бўлган хоҳиш ва имкониятини саноқли давлатлар билдиришган, холос.

Ҳарбий-сиёсий гуруҳнинг мазкур тавсияномаси ҳамжамиятни Athena деб номланувчи ҳарбий операцияларнинг умумий харажатларини назорат қилиш механизмлари тўғрисида янги низом қабул қилишга мажбур қилди. Ушбу ҳужжатнинг асосий ғояси ЕИни хавфсизлик манбаи сифатида кўрсатишдан иборат эди.

Таъкидлаш жоизки, ЕИнинг турли фуқаровий-ҳарбий операциялари кўпроқ Европадан анча узоқда жойлашган давлатларда олиб борилмоқда: Афғонистон, Жибути, Сомали, Сейшел ороллари, Танзания, Конго Демократик Республикаси, Мали, Нигер, Марказий Африка Республикаси, Фаластин, Косово, Босния, Грузия ва Украина шулар жумласидан.

2015 йил 27 мартда мазкур операцияларга тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш чоғида молиялаштириш, кўриладиган зарарларни қоплаш ва ҳисобот тайёрлаш бўйича 49 модда ва 2 иловадан иборат ҳужжат қабул қилинди. Мазкур бюрократик ҳужжат ҳаққонийликдан умуман йироқлиги туфайли жамоатчиликнинг кучли танқидига учради. Умуман олганда, хоҳиш ва имкониятлар ўртасидаги номуттаносиблик, айниқса молиявий масалада, ЕИ ҳарбий-сиёсий тизимининг инқирози деб эълон қилинишига олиб келди.
 
Яхши қўшничилик сиёсатининг инқирози

ЕИнинг қўшничилик сиёсати узоқ тарихга эга. Расман у Шарқий Европа, Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Жанубий Кавказда дўстона буфер зоналар ташкил қилишга йўналтирилган. Амалда эса лойиҳанинг бир қисми (“Шарқий ҳамкорлик” ва “Жанубий ҳамкорлик”) сиёсий-иқтисодий экспанциянинг воситасига айланди. Бошқа томондан, қўшни давлатларнинг эҳтиёжи ва манфаатларини тушунмаслик Ўртаер денгизининг жанубий минтақаларида турли хил можароларнинг юзага келиши ва кескинлашувига олиб келди. Бу ҳолат Шимолий Африка ва Яқин Шарқда гуманитар ҳалокатга сабаб бўлган домино эффектини келтириб чиқарди.

Шу ўринда маълумот бериш лозимки, ЕИ сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказиш эвазига қўшни давлатлар билан ассоциация тўғрисида шартнома имзолайди. Натижада шартномани имзолаган давлат ЕИ бозорларида божсиз савдо қилиш ҳуқуқини ҳамда турли молиявий ва техник ёрдамларни қўлга киритади.

Лекин Европа Комиссияси томонидан эълон қилинган “European Neighbourhood Policy Countries. Essential macro-economic indicators 2013” ҳисоботида келтирилган расмий маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, бундай шартномалар фақатгина ЕИга фойда келтирган, холос. Шарқий ва жанубий ҳамкор давлатлар эса ҳеч қандай наф кўришмаган.

ЕИнинг мазкур “ҳамкорлик” лойиҳасига қўшилувчи давлатларга нисбатан саъйи-ҳаракатлари таҳлили шуни кўрсатдики, кўпгина мамлакатлар ушбу лойиҳанинг, аслида, янги мустамлакачилик ғояларнинг ўзига хос шакли эканлигини тушуниб етишди. Оқибатда кўпгина давлатлар ЕИнинг бир қатор таклифларидан воз кечишга мажбур бўлишди. Молдова ва Украинага ўхшаган давлатларда ЕИнинг “Шарқий ҳамкорлик” дастури бўйича берган молиявий кўмаклари мазкур давлатларнинг коррупцион тизими билан аралашиб кетди.

Вашингтоннинг кўрсатмалари бўйича Россияга қарши масъулиятсизлик билан эълон қилинган санкциялар Европа яхши қўшничилик сиёсатининг ноқобиллигини кўрсатиб берди.
 
Навбатдаги инқироз – муҳожирлар муаммоси

ЕИ устига бостириб келган муҳожирлар ва қочқинларнинг улкан оқими Европа ҳамжамиятининг Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги олдинги ҳаракатлари оқибатидир. Бундан ташқари, мустамлакичилик даврида Осиё ва Африкадан кўчиб келган ва европаликлар билан қўшилиб кетган инсонлар янги мигрантлар ва тубжойли европаликлар ўртасида боғловчи кўприк вазифасини ўташмоқда. Шу пайтгача қабул қилинган қонунлар Европадаги гуманитар муммаоларнинг тезлик билан ҳал қилинишига йўл қўймаяпти. Натижада турли хил фожеали вазиятлар юзага келмоқда.

Брюссель яқинда ноқонуний мигрантларни ташувчи кемаларни чўктириш таклифининг муҳокамасигача етиб борди. Демак, гуманитар ёрдамлар ва бағрикенглик ҳақида жар соладиган Европа расмий доираларининг бундай баёнотлари иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас, деган таассурот уйғотмоқда кўпчиликда. Жамоат орасида олиб борилган турли ижтимоий сўровномалар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ЕИда яшовчи инсонлар қочқинлар ва муҳожарларнинг кўчиб келиб, Европа давлатларида жойлашиб олишига қатъиян қарши. Бу орада Европарламент ва Еврокомиссия мигрантлар сонига аниқ квоталар белгилаб қўйиш масаласини ўртага ташлашмоқда. Бу вазият демографик портлаш хавфи остида қолган Шарқий Европада жойлашган давлатларнинг аҳволини янада оғирлаштиради.

Муҳожирларни нацистларнинг собиқ концлагерлари ҳудудларига жойлаштириб чиқиш қалтис ўйин пайтида янги порох қутиси ўрнатишга бўлган энг яхши “уриниш”дир.
 
Энергетика инқирози

Россияга қарши санкциялар ЕИнинг энергетик сиёстига бевосита таъсир кўрсатди. Брюссельнинг янги энергетик концепцияси бир қатор давлатларнинг миллий манфаатларига зид келади. Уларнинг кўпчилиги энергия ресурслари танқислигини бошидан кечирмоқда. Шунинг учун улар Россия томонидан имтиёзларга умид қилишган эди. Иқтисодий фойда газ транзитидан ва унинг эҳтиёжидан олиниши мўлжалланилаётган эди. Бироқ кўпчилик давлатларнинг Еврокомиссия кўрсатмаларига чидашига тўғри келади.

Гарчи ЕИга аъзо давлатлар ўртасида мувофиқлаштирувчи сиёсат олиб бориш зарурлиги ҳақида расман гапирилаётган бўлса-да, амалда бунинг тескариси бўлмоқда. Халқаро муносабатлар ва хавфсизлик бўйича Германия институтининг энергетик сиёсатга бағишланган маърузасида айтилишича, “Энергетик иттифоқ масаласидаги фикрлар бўлиниши ЕИ интеграцияси инқирозининг аломатларидан дарак бермоқда”. Газ етказиб бериш, тоза энергия ва иқлим ўзгариши масалаларини тартибга солиш бўйича таклиф қилинган бир неча дастурлар ва стратегияларга қарамасдан, фақатгина прагматик ёндашувлар ўз натижасини бериши мумкин. Шуни ҳисобга олиш лозимки, мазкур институт Германиянинг ташқи сиёсатини ишлаб чиқиш билан шуғулланади ва берилган тавсиялар Берлиннинг бошқа мамлакатларга нисбатан устунлиги тамойилидан келиб чиққан. Немисларнинг ташкилий салоҳиятини ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, Германия энергетик иттифоқнинг келажагини кўринмас назорати остига олишни режалаштирмоқда. Мазкур иттифоқнинг асоси қайта тикланадиган энергия манблари бўлиши лозим. Германия режаларининг фош бўлиши ва давлатлар манфаатларининг чекланиши бунданда чуқурроқ инқирозларни ва ЕИ давлатлари ичида бўлиниш жараёнини туғдириши ҳеч гапмас.
 
Ваъдалар инқирози

ЕИ ичида содир бўлаётган воқеларга эътибор қаратсак, кўпгина Европа фуқароларида паст сиёсий хотира мавжудлиги ҳақида таассурот уйғонади. Улар ўз раҳбарлари берган ваъдаларни жуда тез унутиб юборишади. Мисол учун, 2003 йилги Фессалония декларациясининг талаблари ҳали ҳам бажарилгани йўқ. Ғарбий Болқон давлатлари орадан 10 йилдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам гуллаб-яшнаётган ва хавфсиз мамлакатларга айлангани йўқ. Аксинча, кўпгина минтақа давлатларининг аҳволи ёмонлашди. Бу ЕИнинг узоқни кўзланмаган сиёсатининг оқибатидир.
 
Ғоялар инқирози

Юқорида санаб ўтилган инқирозларнинг кўпчилиги европалик сиёсатчиларда уларни қўллаб-қувватлаб турадиган режаларнинг йўқлиги билан боғлиқ. Қатъий ўрнашиб қолган ғоялар ва мафкураларга боғланиб қолиш Европа расмий доираларини содир бўлаётган воқеа ва жараёнларга муқобил ва холис ёндашиш имкониятидан маҳрум қилмоқда. Бу, ўз навбатида, амалга ошиши мумкин бўлган йўлларни олдиндан айта олиш ёки қидириб топиш имконини чиппакка чиқаради. Чунки шу пайтгача амалга оширилган кўпгина прогнозлар хато бўлиб чиқмоқда.

Балки Европанинг қарор қабул қилувчи шахсларига ён атрофига қараб ҳаракат қилиш ва юзага келадиган воқеаларга ақл-идрок ҳамда ҳушёрлик билан жавоб бериш мақсадга мувофиқ бўлар.
Адиз Аҳмедов

Теглар:Европа инқироз 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!