...
МЕНЮ
ONLINE TV

Венесуэлада инқироз. Якунда яна бир Украина бўладими, ёки Арманистон?


17:54, 28.01.2019 Олам
 4 935

Лотин Америкасининг нефтга бой мамлакатида вазият кескин тус оляпти.

Жорий йилнинг 23 январь кунидан бери дунё ҳамжамиятининг эътибори Жанубий Америкадаги Венесуэла мамлакатига қаратилган.
 
23 январь куни Венесуэлада мухолиф парламент - Миллий ассамблея раҳбари Хуан Гуайдо ўзини мамлакат президенти сифатида эълон қилди ва давлат раҳбари сифатида қасамёд қабул қилди.


 
Мамлакат парламенти Гуайдони Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи сифатида эълон қилган.
 
Шундан сўнг, АҚШ дарҳол Хуан Гуайдони президент сифатида тан олди. Россия эса Венесуэланинг қонуний президенти Николас Мадуродан бошқасини тан олмаслигини маълум қилди.
 
Мамлакатда намойишларнинг янги тўлқини душанба куни, Мудофаа вазирлиги мамлакатда ҳарбий тўнтариш амалга оширишга уриниш содир бўлганини эълон қилиши ортидан бошланиб кетганди.
 
Сешанба куни Хуан Гуайдо ҳам Венесуэлада Николас Мадуро президентлигига қарши оммавий намойишлар ўтказишга чақирганди. Шу куни юз минглаб венесуэлаликлар кўчаларга чиқишди. Дастлабки маълумотларга кўра, намойишлар вақтида камида 4 киши ҳалок бўлган.


 
Ижтимоий тармоқда намойишчилар Боливар штатидаги Сан-Феликс шаҳрида собиқ диктатор Уго Чавеснинг ҳайкалига ўт қўйгани тасвирланган суратлари ва видеоёзувлар тарқалди.
 
Январь ойи бошида Николас Мадуро иккинчи марта Венесуэла президентлигига киришганди. Мамлакат унинг президентлиги даврида чуқур иқтисодий инқирозга тушиб қолган. 2018 йилда бир марта ва 2019 йил бошида бир марта ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширишга уринишди. 2018 йилнинг августида эса Мадурога суиқасд уюштирилди.
 
Ғарб давлатлари ва Жанубий Американинг аксар мамлакатлари Венесуэладаги президентлик сайлови якунларини тан олмаган. Бир қатор давлатлар расмий Каракас билан дипломатик алоқаларни узган.
 
Хуан Гуайдо Мадурони узурпатор деб атаган ва унинг ўрнига вақтинча президент бўлишга тайёрлигини билдирганди (конституцияга кўра президент ўз ваколатини бажара олмай қолганида шундай чора кўзда тутилган).
 
Мамлакат армияси Николас Мадурони қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
 
Венесуэла ўзи қандай мамлакат?
 
Венесуэла ҳозирда ўткир ижтимиоий-иқтисодий ва сиёсий инқирозни бошдан кечираётган Жанубий Америкадаги мамлакат. 2018 йилда инфляция 1 700 000 фоизни ташкил қилган, ялпи ички маҳсулот 15 фоизга қисқарган. Ҳозиргача 3 млн.дан ортиқ киши у ерни тарк этган. Мамлакат Коррупцион индексда 180 мамлакат орасидан 169-ўринни эгаллаган. Аҳолининг 3/1 қисми ишсиз қолган. Венесуэлада биринчи даражали маҳсулот ва дори-дармонлар етишмовчилиги мавжуд. Нефтга бой Венесуэлада ҳатто бензин ҳам тақчил товарга айланган.
 
Мамлакат нега бундай аҳволга тушди?
 
Венесуэладаги ҳозирги ижтимоий-иқтисодий инқирознинг илдизи 1999 йилда Уго Чавеснинг ҳукумат тепасига келиши билан мустаҳкам ривожлана бошлаган. Унинг “боливиар социализми” ёки “XXI аср социализми” дастури бизнесни миллийлаштириш, нефть нархи ва валюта курси устидан назорат ўрнатишни назарда тутарди. Айнан шу дастур мамлакатни тубсиз жарликка қулашига сабаб бўлган.
 
Мадуро Чавес ўлимидан кейин 2013 йилда ҳукмронликни қўлга киритган. Унинг президентлик йилларида Венесуэлада иқтисодий инқироз янада кучайиб кетди. Инқироз натижасида мухолифат тарафдорлари кўпайди. 2015 йилда мухолифат партия Миллий ассамблеяда узоқ вақтдан кейин илк бор кўпчилик ўринга эга бўлди. Аммо Мадуро назоратидаги Олий суд ҳукуматдаги ҳар қандай ўзгаришларни йўққа чиқарди.
 
Инқирознинг навбатдаги босқичи нимадан бошланди?
 
2019 йилнинг 10 январида Мадуро яна бир бор президентлик лавозимида иш бошлади. “Лима гуруҳи” (12 та Лотин Америкаси мамлакати Мадуродан ҳокимиятни парламентга топширишни сўради ва унинг ҳукмронлигини тан олмади.) Шундай вазиятда Миллий ассамблея раҳбари Хуан Гуайдо ҳокимият узурпациясини тугатиш учун ўтиш даври ҳукуматини тузиш кераклигини маълум қилди. Мамлакатда 2017 йилдан бери энг йирик норозилик акциялари бошланди. 23 январь куни эса ўзини президент вазифасини бажарувчи этиб эълон қилди.
 
Гуайдони ким қўллаяпти? Ким эса қарши бўляпти?
 
Европа мамлакатлари, АҚШ, Канада ва Лотин Америкасининг бир нечта йирик мамлакатлари Аргентина, Бразилия, Колумбия, Чили Гуайдони мамлакатнинг раҳбари сифатида тан олди. АҚш президенти Дональд Трамп Венесуэла бўйича аниқ режаси йўқлигини аммо ҳар қандай варинтлар қўлланиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.
 
Мексика, Куба ва Боливия Мадурони президент деб ҳисоблашларини айтиб, уни қўллаб-қувватладилар.
 
Россия эса Венесуэладаги воқеалар мамлакатнинг ички иши эканини айтиб, АҚШнинг унга аралашишини қоралади. Россия ТИВ Венесуэладаги вазият расмий Москва ва Каракаснинг ҳарбий-техникавий ҳамкорлигига путур етказишини қайд этди.
 
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Россия Венесуэланинг асосий кредитори ҳисобланади. Мазку мамлакатдаги Россия инвестицияси 4,1 млрд долларни ташкил этади. Агарда Венесуэладаги намойишлар ғалаба қозонса, россия пулларини қайтиб ололмаслиги ҳам мумкин.
 
“Reuters” агентлиги Венесуэлага Россиянинг хусусий ҳарбий компанияси “Вагнер гуруҳи”нинг ёлланма аскарлари келгани ҳақида хабар қилди. Уларнинг Венесуэладаги вазифаси Николас Мадуронинг хавфсизлигини таъминлаш экани таъкидланди.
 
БМТ эса нейтрал позицияни сақлаб, ҳар икки томонни музокара ўтказишга чақирди.
 
Бундан кейин нима бўлади?
 
Давлат тўнтариши, инқилоб ва ҳатто фуқаролик уруши буларнинг бари Венесуэлада юз бериши мумкин. Яна бир вариант ҳам бор – АҚШнинг ҳарбий аралашуви. Мадуро аллқачон расмий Вашингтон билан дипломатик алоқалрни узганини эълон қилди. Каракасдаги америка дипломатлари чиқариб юбориладиган бўлди. Бу ҳол америкаликлар учун casus belli (лотинчадан “уруш учун баҳона”) бўлиши мумкин.
 
Венесуэладаги норозиликлар ўтган йили Арманистон пойтахти Еревандаги намойишлар каби муваффақиятли бўлиб, ҳокимиятда ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Аммо Ереванда инқилоб бир томчи қон тўкилмай ўтганди.
 
Яна бир якун Украинадагидек бўлиши мумкин. 2014 йилда Украинадаги сиёсий инқироз, Майдан воқеалари натижасида мамлакат шарқидаги икки вилоят мустақиллик эълон қилган, Қрим яримороли Россия томонидан аннексия қилинганди. Украинадаги вазият ҳамон тинчигани йўқ. Венесуэладаги вазиятни кузатамиз.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Венесуэла инқироз 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!