Турмушда фойдаланиб келинаётган ёқилғи маҳсулотлари ичида табиий газ (метан, пропан) сизиб чиқиши ва ҳаво билан аралашма ҳосил қилиб, портлашга хавфлилиги билан ажралиб туради.
Газ оқимининг тўсатдан (авариявий) узилиши ва қайта уланиши натижасида хона ичида газ тўпланиши, ёниб турган газ анжомларини қаровсиз қолдириш, иситиш асбоб-анжомларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, газ қувурларига ўзбошимчалик билан уланиш оқибатида хаво-газ аралашмасини портлаши хамда ёнғин содир бўлиши мумкин.
Шунингдек, аҳоли томонидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола, ностандарт газ жиҳозларидан фойдаланиш, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, носоз ҳолатдаги дудбуронлардан фойдаланиш ҳамда хонадон ичида очиқ оловдан иситиш мақсадида фойдаланиш ҳолатларининг учраб туриши фуқароларининг ис газидан заҳарланишига ҳамда ҳаво-газ аралашмасини чақнаши натижасида жабрланиши, ҳаттоки ҳалок бўлишига олиб келмоқда.
Турмушда газдан фойдаланишда истеъмолчиларга қуйидагилар тақиқланади:
ўзбошимчалик билан уйни газлаштириш, газ асбоби ўрнини алмаштириш, уни алмаштириш ёки таъмирлаш;
газ асбоблари ўрнатилган хоналар режасини ўзгартириш;
газ асбоблари конструкциясига, дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўзгартиришлар киритиш ўзгартириш;
шамоллатиш каналларини тўсиб қўйиш, дудбуронларни тозалаш «чўнтаклари» ва дарчаларини беркитиб ташлаш;
хавфсизлик ва созлаш автоматикасини узиб қўйиш. Газ асбоблари, автоматикаси, арматураси ва газ баллонлари носозлигида газдан фойдаланиш;
дудбурон ва шамоллатиш каналлари ўз вақтида текширмасдан газдан фойдаланиш;
махсус маълумотга эга бўлмай ва газ хўжалиги корхонасидан рухсатнома олмай туриб, дудбурон ҳамда шамоллатиш каналларини тозалаш, текшириш ҳамда газ-баллон қурилмасининг баллонларини алмаштириш;
форточкалар (фрамугалар), жалюзали панжаралар, шамоллатиш каналларининг панжаралари, ваннахона ва ошхона эшиклари остидаги тирқишлар ёпиқлигида, дудбурон ҳамда шамоллатиш каналларида тортиш бўлмаган ҳолларда газдан фойдаланиш;
узлуксиз ишлашга мўлжалланмаган, тегишли автоматикага эга бўлмаган газ асбобларини қаровсиз қолдириш;
мактаб ёшидаги болаларга, шунингдек ўз ҳаракатларини назорат қила олмайдиган ва газ асбобларидан фойдаланиш қоидаларини билмайдиган шахсларга улардан фойдаланишга рухсат бериш;
газ плиталаридан хоналарни иситиш учун фойдаланиш;
газ асбоблари ўрнатилган хоналарда ухлаш ва дам олиш;
газ чиқаётганлигини аниқлаш учун олов ёқиб текшириш;
табиий газдан фойдаланишдаги турли хилдаги резина шланглар, газ сўргичлардан фойдаланиш;
автомобилларга ўрнатилган ёки улардан яроқсиз деб ечиб олинган техник кўрикдан ўтмаган метан ва пропан газ балонлардан фойдаланиш.
Газ хидини сезганда зудлик билан қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан ўчиринг;
дарров эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатинг;
хонада электр жихозларини ёқманг, ёниқ бўлса ўчирманг, чунки бу ёнғин ёки газ - ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлиши мумкин;
газ чиқаётган жойни аниқлаш учун очиқ оловдан эмас, совун кўпигидан фойдаланинг.
Газ билан боғлиқ ёнғин ёки заҳарланишлар содир бўлганда қуйидаги шошилинч телефон рақамларига қўнғироқ қилиб ёрдам сўранг:
1. 101 – ёнғин хавфсизлиги хизмати;
2. 104 – газ авария диспетчерлик хизмати;
3. 103 – тез тиббий ёрдам хизмати;
4. 1050 – қутқарув хизмати.