Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Яккасарой тумани аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, давлат органи ходимлари, тегишли идора раҳбарлари ҳамда муаммоси мавжуд бўлган фуқаролар иштирок этишди.
Сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаригача туман аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатлар кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мамлакат фуқаролари ва табдиркорларидан Яккасарой тумани бўйича жами 6236 мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 2807 таси жисмоний шахслардан ҳамда 429 таси юридик шахсларга тегишлидир.
Айни дамда мурожаатларнинг 5592 таси кўриб чиқилган бўлиб, 644 мурожаат эса кўриб чиқилмоқда.
Мурожаатларнинг 1046 таси уй-жойга муҳтожлик тўғрисида, 508 таси банк-молия масалалари бўйича, 440 таси судларга оид бўлиб, шунингдек, фуқароликни қабул қилиш, пропискага ўтиш, иш билан таъминланиш, иш ҳақи, пенсия, иссиқлик таъминоти, таълим, транспорт масалалари юзасидан бир қанча мурожаатлар келган.
Мазкур сайёр қабулларда таҳририятимиздан ҳам мухбир иштирок этди. Аҳоли томонидан тушаётган ҳар қандай ариза ва шикоятларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергановнинг шахсан ўзи назоратга олиб, ижроси жойида таъминланиши бўйича керакли кўрсатмалар бермоқда. Халқнинг ҳар бир соҳа бўйича муаммолари ўрнида ҳал этилаётганига гувоҳ бўлдик.