Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Ўзбекистонга, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм шаҳарларини зиёрат қилишга таклиф қилди.
Давлат ташрифининг асосий тадбирлари 5 апрель куни бўлиб ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрининг Александр боғидаги “Номаълум аскар” ёдгорлигига гулчамбар қўйди.
Шу йилнинг 3 апрель куни Санкт-Петербург метросида терроризм ҳаракати содир этилиб, инсонлар ҳалок бўлди. Давлатимиз раҳбари улар хотирасини ёдга олиб, шу ердаги “Ленинград – қаҳрамон шаҳар” ёдгорлиги пойига гул қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев билан учрашди.
Кремлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Россия давлат мадҳиялари янгради. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокараларни давом эттирдилар.
Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Ўзбекистонга, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм шаҳарларини зиёрат қилишга таклиф қилди.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи арафасида Москвадаги А.Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида мамлакатимизнинг И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи экспонатлари кўргазмаси очилди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ушбу кўргазмага ташриф буюрдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи якунлари бўйича қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик, меҳнат фаолиятини вақтинча ташкил этиш, соғлиқни сақлаш, тиббиёт таълими ва фани, туризм, қурилиш, нефть-газ, кончилик, металлургия, банк-молия, божхона, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга доир ҳужжатлар имзоланди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар очиқлик, ўзаро ишонч ва амалий руҳда ўтганини таъкидладилар. Ташриф асносида эришилган келишувлар, имзоланган 16 миллиард долларлик 50 дан ортиқ ҳужжат Ўзбекистон ва Россия тараққиётига, икки мамлакат халқларининг фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Президентимизнинг давлат ташрифи ва унинг доирасидаги тадбирлар Россия телерадиоканаллари, газеталари, интернет нашрлари орқали кенг ёритиб борилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи якунига етди.