Ёдгорлик мажмуаси ЮНЕСКО, ИКОМОС ташкилотлари билан ҳамкорликда яратилди.
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бош бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов дафн этилган Ҳазрати Хизр масжиди мажмуаси ҳудудида мақбаранинг қурилиш лойиҳаси ўз якунига етди.
Ушбу мақбарага зиёратга келувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида Сиёб бозоридан мақбарага ўтиш учун янги кўприк ҳам барпо этилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов дафн этилган масканга ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ишлари ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорлик амалга оширилди.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси мазкур лойиҳани ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси маркази ва ИКОМОС (Ёдгорлик ва меъморий обидалар сақлаш Халқаро кенгаши) билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борди.
Бутунжаҳон мероси маркази ва ИКОМОС ташкилотлари ёдгорлик обидасини қуриш лойиҳаси билан танишиб чиқдилар. Мазкур халқаро ташкилотларнинг мутахасисслари 2016 йилнинг декабрь ойида Ҳазрати Ҳизр масжидига ташриф буюриб, қурилиш ишларини ЮНЕСКО мезонларига мувофиқ ҳолда, яъни Бутунжаҳон мероси объектининг тарихий кўринишини сақлаб қолган ҳолда амалга ошириш борасидаги тавсияларини Ўзбекистонга йўллаган эди.
“Ҳазрати Хизр” масжиди Самарқанд шаҳрининг зиёратгоҳларидан биридир. У Самарқанддаги илк мусулмон масжиди ва меъморий обида сифатида эътироф этилади.
Фотомухбир: Шерзод Икрамутдинов