Ички ишлар органи ходимлари учун йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиши — уларни жавобгарликка тортилишларига асос бўлмайдими?
Биз бугун ҳайдовчилар ва пиёдалар мавзусида фикр юритмоқчи эмасмиз, бугунги мавзу ички ишлар ходимларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузишларига бағишланади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмасамда, тажрибамдан автобус бекатида тўхташ мумкин эмаслигини биламан. Аниқроғи, ушбу қоидани барчамиз биламиз.
Бироқ, ички ишлар органи ходимлари учун йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиши — уларни жавобгарликка тортилишларига асос бўлмайдими?
Ёки улар шунчаки қоидаларни “билишмайди”ми?
Фарғона вилоятида олинган суратда автобус бекатида тўхтаб турган ИИБ ходимининг хизмат машинасини кўриш мумкин.
Ушбу автомобилни бошқарган ходим йўл қоидаларига амал қилиш, қаерда тўхташ мумкину, қаерда тўхташ мумкин эмаслигини билмаса керак, деган тахмин бор.
Бир томондан уни билмасликка чиқарсак, иккинчи томонда ходим қонунни менсимаслигини кўрсатган.
Тўғри, кимдир тахминларимга қарши фикр билдириб, машина хизмат вақтида мажбуран қолдирилган бўлиши, ходим ҳуқуқбузарни қувиб кетган, дейиши мумкин. Бироқ машина қўйилган ҳолатга эътибор қилинг. Олдинда ва ортда ўнлаб автомобиллар сиғадиган жой бор.
Қонун ҳимоячиларининг ўзлари қонунларга риоя қилиши — халқ ҳурматига сазовор бўлишда муҳим роль ўйнайди.
Фото: Иқбол Ахмедов