Ўзбекистонлик боксчининг кейинги рақиби сўнгги бор жорий йилнинг 30 июнь куни америкалик Рамо Ассенсиони нокаутга учратганди.
Машҳур промоутер Боб Арумга тегишли “Top Rank” промоутерлик компанияси мижози бўлган Ғойибназаров АҚШнинг Аризона штати Тусон шаҳрида мексикалик Виктор Росасни 80:72, 80:72, 80:72 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Эътиборлиси, Ғойибназаровнинг навбатдаги жанги қачон, қаерда ва кимга қарши ўтказилиши ҳам маълум бўлди.
Унга кўра, Фазлиддин Ғойибназаров 9 декабрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 5 500 томошабинни сиғдира олувчи муҳташам Madison Square Garden аренасида рингга кўтарилади.
Фазлиддиннинг профессионал рингдаги тўртинчи рақиби мексикалик Алексис Дел Боске бўлади. 22 ёшли Боске фаолияти давомида 17 та жанг ўтказиб, шуларнинг 13 тасида ғалабага эришган. Тўққизта жангда рақибларини нокаутга учратган. Тўрт бор мағлуб бўлган. Битта жангда нокаутга учраган.
Дел Боскенинг статистикасидан Ғойибназаровнинг кейинги рақиби анча жиддий боксчи эканлигини пайқаб олиш қийин эмас. Алексис Дел Боске сўнгги бор жорий йилнинг 30 июнь куни америкалик Рамо Ассенсиога қарши жанг ўтказган ва рақибини нокаутга учратганди.
Маълумот учун, 9 декабрь кунги бокс оқшомининг марказий жанги Василий Ломаченко иштирокида ўтказилади. Украиналик 29 ёшли боксчи кубалик 36 ёшли Гильермо Ригондога қарши рингга кўтарилади. Жанг биринчи енгил вазн (59 кг) тоифасида ўтказилиб, ўртага Ломаченкога тегишли WBO чемпионлик камари қўйилади.