Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарлари томонидан якуний баённома имзоланди.
Мазкур тадбир Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Тожикистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Йиғилишда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаларининг Фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарлари, офатлар хавфини камайтириш бўйича фаолият юритувчи халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Покистон, Саудия Арабистони каби давлатларнинг Тожикистондаги элчилари иштирок этдилар.
Учрашувда 2016-2017 йилларда Марказий Осиё давлатлари ҳудудида юзага келувчи офатлардан огоҳлантириш, уларни оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, 2015 йил Ашхобод шаҳрида ўтказилган Минтақавий форум қарорларини амалиётга татбиқ этиш масалалари, Сендай Ҳаракат дастурининг Марказий Осиё давлатларида амалга оширилиши, шунингдек, Мексикада бўлиб ўтадиган офатлар хавфини камайтириш бўйича Глобал Платформага тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама этилди.
Бундан ташқари, тадбирда 2015 йилда Парижда ўтказилган 21-конференцияда қабул қилинган БМТниннг иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияси талабларининг бажарилиш ҳолати, Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарларининг навбатдаги минтақавий учрашувини ўтказиш жойи ва муддати келишилди.
Учрашув якунида Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарлари томонидан якуний баённома имзоланди.