Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлган, сайлов ва демократия ҳақида ўз қарашларига эга санъаткорлардан.
Сайловнинг аҳиллик, баҳамжиҳатликда ўтаётгани, фуқароларнинг юқори кайфиятда сайлов участкаларига келаётгани халқнинг ҳуқуқий маданияти, сиёсий онги ошганидан далолат.
Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлган, сайлов ва демократия ҳақида ўз қарашларига эга санъаткорлардан. Санъаткор билан суҳбатимиз ҳам айнан шу ҳақда бўлди.
Фаррух Зокиров, Ўзбекистон халқ артисти:
— Ҳар бир мамлакатда сайлов халқнинг қайси йўлдан бораётгани, унинг маданияти, ҳукуматга бўлган ишончини ўзида ифода этувчи жараёндир. Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган Президент сайлови эса катта байрамга айланиб кетди. Мен сайлов участкасига бориб, одамлар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг кайфиятларини кўриб, хурсанд бўлдим. Ишонсангиз, дунёнинг турли чеккаларидан қўнғироқлар бўляпти, сайловларимиз тинч, баҳамжиҳат, жуда чиройли кўринишда ўтаётганига кўплаб халқаро кузатувчиларнинг ҳаваси келаяпти.
Бугун таҳликали даврда яшаяпмиз. Дунёда нималар бўлаётганини ўзингиз кўриб турибсиз. Бугунги даврда ҳар қайси миллат, ҳар қайси халққа фақат тинчлик ва фаровон ҳаёт керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига қўйилган номзодларнинг ҳар бири Ватан келажаги, юрт равнақи, эртанги фаровон ҳаётни ўйлаб майдонга чиққан. Бугунги Президент сайловига эса мамлакатда жуда катта тайёргарлик кўрилди.
Президент сайлови демократик тамойилларга тўла мос ҳолда ўтмоқда, деб бемалол айта оламан. Чунки номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тенглик асосида бўлди. Ҳар бир номзоднинг ташвиқотига катта эътибор қаратилди. Шахсан ўзим номзодларнинг дастури билан танишиб чиқдим. Улар ўз дастурида жуда долзарб масалаларни ўртага ташлаганлар.
Ўзбекистон бугунги кунларга етиши осон кечган эмас. Буни биз кекса авлод вакиллари жуда яхши биламиз. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўзи айтганидек, озод ва обод Ватан, эркин ва фаравон ҳаёт қолдириб кетди. Мустақилликка эришиш ҳам осон кечгани йўқ. Ўзбекистоннинг янги Президенти ҳам Ислом Каримов бошлаб берган буюк йўлни давом эттиришига ишонаман.
Мустақиллик сақлаш, Ўзбекистон номини янада баландларга кўтариш нафақат мамлакат раҳбарининг, балки халқнинг ҳам вазифаси. Ўзбек халқи ўз бардоши, сабр-тоқати, оғир-вазминлиги, тинчликсеварлиги билан доим дунё эътиборида бўлиб келган. Бу халқ Президент сайловида ҳам ана ўша азалий қадриятларига содиқ қолди.
Ҳар бир халқ ўзига муносиб бўлган раҳбарни танлайди. Мен ҳам бошқалар қаторида ўзим ишонган, умид билдирган номзодга овоз бердим. Имоним комилки, мен ишонган номзод халқимизнинг ҳам ишончини оқлайди. Юртимиз янада юксалади.
Дарвоқе, айни вақтда Ўзбекистонда бўлиб турган кузатувчилар билан мулоқотда бўлдим. Улар Ўзбекистон халқининг сайловдаги иштироки, номзодлар ўртасидаги соғлом рақобатдан жуда мамнун.