Ўзбекистонга визасиз тўрт кунлик сафар билан келган сайёҳлар аввалига Фарғонада жойлашган Қўқон очиқ иқтисодий зонасига бордилар.
Кеча, 5 март куни Сеул-Фарғона йўналиши бўйича чартер қатновини бажарган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Боинг 767 ҳаво кемасида Ўзбекистонга виза расмийлаштирмасдан келган бир гуруҳ ишбилармон сайёҳлар билан “Фарғона” халқаро аэропортига қўнди. Аэропортда сайёҳларни Фарғона вилояти ҳокимияти, Миллий авиакомпания ва Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ходимлари кутиб олди. Бу ҳақда МАК Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Корея Республикаси делегацияси раҳбари, “Evergreen Motors Group” компанияси бошлиғи Чанг Кеон Ким ўзбек учувчиларининг юксак маҳоратини алоҳида қайд этиб, парвознинг муваффақиятли кечганини таъкидлаган. Шунингдек, МАК ҳаво кемаси саҳнида ва аэропортда тақдим этилган хизматлар юқори даражадалиги, ўзбек халқи ўз меҳмондўстлиги билан ажралиб турилишини айтган.
Ўзбекистонга визасиз тўрт кунлик сафар билан келган сайёҳлар аввалига Фарғонада жойлашган Қўқон очиқ иқтисодий зонасига, “Indorama Kokand textile” МЧЖ, “UzSungwoo” компанияси ҳамда Қўқондаги меъморий ёдгорликларга ташриф буюришни режалаштиришган. Меҳмонлар Ўзбек-Корея бизнес форумида иштирок этиб, икки давлат ўртасида Б2Б шаклидаги учрашувларни ўтказишни ҳам назарда тутган.
Кореялик ишбилармонлар бугун, 6 март куни пойтахт Тошкентга ташриф буюрадилар.