“Нуронийлар маскани”да кутубхона, тиббиёт ва махсус тренажёрлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари, шахмат-шашка клуби, чойхона кексалар ихтиёрида.
Фарғона шаҳрида замонавий меъморчилик асосида бунёд этилган “Нуронийлар маскани” фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Вилоят марказида бунёд этилган “Нуронийлар маскани” ҳамда “Нуроний” жамғармаси Фарғона шаҳар бўлими биноси кекса авлод вакилларига Наврўз туҳфаси бўлди. Мажмуанинг очилишида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусов каби моҳир ҳунармандлар қўлида сайқал топган айвонлар, жимжимадор ва нақшинкор безакли устунлар янги ижтимоий марказ ҳуснига ҳусн қўшган.
“Нуронийлар маскани”да кексалар учун барча шароит яратилган. Кутубхона, тиббиёт ва махсус тренажёрлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари, шахмат-шашка клуби, чойхона улар ихтиёрида.
Тантанали маросим сўнгида нуронийларга байрам дастурхони ёзилди. Дилбар тароналар меҳнат фахрийлари дилига ором бағишлади.
Мажмуанинг очилишида Фарғона вилояти ҳокими Шухрат Ғаниев сўзга чиқди.