Хитойнинг Changan Automobile Group компанияси вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди.
Changan компанияси вакили Фарғона водийсида электромобиллар йиғиш цехини қуриш нияти борлигини маълум қилди. Инновация вазири ўринбосари Отабек Назиров мазкур лойиҳани амалга оширилишини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган. Томонлар тез кунларда ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаши кутилмоқда.
“Лойиҳа муваффақиятли ишга тушган тақдирда, биринчи босқичда 15-20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, 100–150 та иш ўрини ташкил қилиш, бир йилда мингта йирик узелли электромобиллар (Spark ва Nexia’га ўхшаш) йиғиш мумкин бўлади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Changan Automobile Group компанияси Хитой энг кўп автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияларининг “катта тўртлиги”га киради. Автокомпаниянинг Ford Motor, Suzuki Motor, Mazda Motor ва Peugeot Citroen каби йирик концернлар билан қўшма корхоналари мавжуд. Changanнинг бош идораси Чунцин шаҳрида жойлашган.
Мазкур компания Ўзбекистонда гибрид двигателли ва бутунлай электр кучида ишлайдиган замонавий автомобиллар ишлаб чиқаришга урғу бериш ниятида. 2025 йилга келиб барча турдаги (кичик метражли автомобиллардан тортиб купе кузовли олий тоифадаги автомобилларагача) 21 моделдаги фақат электр қуввати билан ишлайдиган янги электрмобиллар ва 12 та гибрид моделлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.