...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фарғона вилоят ҳокими қуюшқондан чиқди. У тошлоқликларни ҳақоратлаб, Ҳажга боришига қаршилик қилмоқда


11:48, 26.01.2018 Жамият
 9 211

Фарғона вилояти ҳокими юз берган фожиадан қаттиқ “қайғуга тушган” кўринади. У яқинда ўтказган йиғилишда бир фожиа ортидан Тошлоқ туманидагиларнинг Ҳажга боришини тақиқлашини айтди.

Жорий йилнинг 18 январь куни Қозоғистон Республикаси Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида содир бўлган автобус ёнғинида ишлаш учун Россияга йўл олган 57 нафар Ўзбекистон фуқаросидан 52 нафари ҳалок бўлди. Улардан 2 нафари Андижон, 31 нафари Наманган, 16 нафари Фарғона, 1 нафари Сурхондарё вилоятидан, яна 2 нафари Тошкент шаҳридан бўлган.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, ҳар бир оилага компенсация ажратиш, фожиа сабабларини аниқлаш, жасадларни Ўзбекистонга олиб келиш, уларнинг дафн маросимларини ўтказиш юзасидан топшириқ берди. Бу фожиада давлатни айблаб, хато ва камчиликлар ўз вақтида бажарилмаганини айтди.
 
Фарғона вилояти ҳокими юз берган фожиадан қаттиқ “қайғуга тушган” кўринади. У яқинда ўтказган йиғилишда бир фожиа ортидан Тошлоқ туманидагиларнинг Ҳажга боришини тақиқлашини айтди. Вилоят ҳокимлиги марҳумларнинг оила аъзоларига 80 миллион берганини алоҳида қайд этди.
 
“Энди Тошлоқдан ҳеч ким Ҳажга бормайди. Тошлоқликларнинг биронтаси Ҳаж сафарига бормайди, тиригиям бормайди, отасиям бормайди. Ҳаммаси маҳрум бўлди ўша Тошлоқдан.
 
Эшитиб қўйинглар, тошлоқликлар! Яна бечора вилоятликлар 80 миллион сўм ҳомийлик қилишга мажбур бўлди. Ҳар бири учун 5 миллион сўмдан. Буни таъна қилиш учун гапираётганим йўқ. 20 яшар, 22 яшар, уйланмаган йигитлар кетаверадими? Ота-онаси нима деяпти, карахтми улар? Энди бечора участка нозири айбдор қилинади. Маҳалладагилар турибди тишини кавлаб. Эртага ёзса – ёзаверсин, мени устимдан. Ғаниев урди, ҳажга бормайсан деди, фалон деди, пистон деди, қилиб”.
 
Ҳоким 2005 йилда Фарғонада бўлган митингга ҳам тўлталган.
 
“Митинг қилган ҳам шулар бўлади, 2005 йилда ички ишлар ходимларини тош отиб қувлаганлар шу ҳаромилар эди. Қаралмаса, шунақа бўлади.
 
Икки-учтадан хотин қилгани ҳам Тошлоқдан, шаръий никоҳ ўқиб юрган миллатчи ҳам Тошлоқдан, хотинларни қўйвориб, болаларни етим қилиб, алимент тўламай юрганларам Тошлоқдан. Падаринга лаънат, сан тошлоқликларни. Ҳамромилар бутун Республикага вилоятни шарманда қилган сенларни... Бозор устидан ёзадиганлар ҳам Тошлоқдан, бозорда ўзи эшакминди ўйнайдиганларам Тошлоқдан.
 
Қўлингдан келмаса, чиқиб кет ҳозир залдан, ҳоким бўлиб ўтирмасдан. Мард бўлсанг, шундай чиқиб кет-да, йўқолиб кет! Йўқолиб кет! Номард!
 
Кейин масала вилоят автомобиль ва дарё транспорти...
 
Сиз ҳам Тошлоқдан чиққансиз-эй, оғайни. Мен билмайман, эртага вилоятдаги рўйхатда турган 10 минг киракаши бор.  Тошкентга қатнаётгани бор, тушунтира олдимми? Булар ҳаммаси машинада кетяпти, поездда ҳам кетмаяпти  самолёт ҳам кетмаган. Бизни точкаларимиз бор. Сизга Раҳматжон Тошназаров ГАИни раҳбарини қўшиб берадилар, бирга юриб текширасизлар. Бекатда кузатилади, ўзи юки кўплигидан маълум бўлади, ким қаёққа кетаётгани”, дейди Фарғона вилоят ҳокими.
 
Фарғона вилояти ҳокими халқнинг Ҳажга юборишни тақиқлаб, вилоятдан ташқарига чиқиб кетаётганларнинг юкини текшириб, улар қаерга кетаётганини аниқлагунча, вилоятнинг бошқа муаммоларига ечим топса, иш ўрнини кўпайтиришга ҳаракат қилса, газ, сув, коммунал хизматлар билан боғлиқ ечимини кутаётган муаммоларни ўрганса, масадга мовофиқ бўларди.
 
Президент чет элда юрганларга нисбатан қарашни ўзгартириш, уларни ажратиб қўймаслик, аксинча, ишида кўмаклашиш, ёрдам қўлини чўзиш, қайтишларига имкон яратиш, иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб турган бир пайтда Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг айтаётганларини қандай тушуниш мумкин. Ҳаж масаласини-чи? Президент Ҳажга борувчилар сонини бежиз кўпайтирмади. Ҳажга жўнатиш бўйича комиссия тузилиши кераклиги ҳам бекорга таъкидланмади. Зотан, Ҳажга борган ёши улуғлар ёшларни, йўлдан оғаётганларни йўлга солсин, оилаларга, бутун маҳаллага, туманга маърифат нурини ёғдирсин, деди. Ё Тошлоқда йўлдан адашганлар йўқми, уларга ҳожилар керак бўлмаса?
 
Айни пайтда ҳокимнинг йиғилишда айтган гаплари ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хўш, сиз қандай фикрдасиз? 

Теглар:Шуҳрат Ғаниев Тошлоқ тумани Фарғона вилояти ҳокимияти Ақтўбе 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар