Яқинда Euronews Термиз ҳақида ҳам кўрсатувларни намойиш этишни бошлади.
Куни кеча Euronews орқали “Ўзбекистондаги ҳаёт: Термизнинг буддавийлик дини қолдирган мероси” “Uzbekistan Life”: The Buddist legacy of Termez” номли навбатдаги репортажи намойиш этилди. Кўрсатувда ҳикоя қилинишича, “Термиз Ўзбекистоннинг энг жанубий вилояти ҳисобланади ҳамда узоқ ва бой тарихга эга. Ушбу қадимий шаҳар ўз даврида Буддавийлик динининг Марказий Осиёдаги маркази саналган ва Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган шаҳарлардан бири бўлган. Термиз ҳудудида жойлашган Фаёзтепадан топилган мақбара қолдиқлари буддавийлик динининг Марказий Осиёдаги мевқеидан гувоҳлик беради. Мазкур бинонинг ёши 2000 йилдан ортиқ ва Кушон сулоласи ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Будда тасвири туширилган турли расм ва ҳайкаллар ҳам яхши сақланиб қолган. Термиз Буддавийликдан ташқари, Зардуштийлик ва юнон маданиятининг ривожи учун ҳам катта хизмат қилган”, дея маълумот берилади кўрсатувда.
Шунингдек, Термиздан топилган бой тарихий топилмалар, жумладан, ҳайкалтарошлик асарлари, керамикага оид намуналар, қоятош расмлари қолдиқлари ва қимматбаҳо тошларнинг Термиз Археология музейида сақланаётганлиги ҳақида айтиб ўтилган. Далварзинтепа тарихий манзилгоҳининг ҳам муҳим шаҳарлардан бири бўлганлиги ҳақида у ердан топилган қимматбаҳо топилмалар, жумладан 36 килограмга тенг олтин қуймаси исботлаб турибди, дейди Euronews журналисти.
Таъкидлаш лозимки, Euronews сўнгги пайтларда Марказий Осиёнинг тарихини ёритиш учун ўз дастурларида алоҳида ўрин ажратиб келмоқда. Бундан олдин, Қозоқ хонлигининг 550 йиллигига бағишланган кўрсатув ва жанубий Қозоғистондаги Туркистон шаҳри ҳақидаги репортаж ҳам кўпчиликнинг диққатига сазовор бўлган эди.