Харобада кана, сичқонларга ем бўлаётган етим болалар яна қанча хўрлансин?
Мана орадан 4 йил ўтди, лекин улар ҳамон шу ётоқхонада яшашга мажбур бўлмоқда. Бино ичига кириб борар эканмиз, очиғи, у ерда инсон яшаши мумкинлиги ҳақидаги тасаввур бизни чуқур ўйга толдирди...
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 164-сонли қарорида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни турар жойлар билан таъминлаш белгилаб қўйилган.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, мазкур ётоқхонада ота-она қарамоғидан ёшлигида маҳрум бўлган вояга етган етим болалар кун кечирмоқда. Уларнинг фарзандлари, жажжи гўдаклари ҳам айнан ўша ерда ота ёки онаси билан бирга. Эски ётоқхона биноси чўккан, ошхона, ҳаммом, ҳожатхонага киришга эса уяласиз. Қоронғу ва тор хоналарда эса яшашга шароит йўқ.
Бу ерда яшайдиганларга туни билан чириган тахталардан чиқаётган каналар чақиб чиқади, уларга ором бермайди. Сичқонлар, ҳашоратларга ем бўлмаслик учун тунни ухламасдан ўтказишга ҳам тайёрлар. Кечаси зарарли ҳашаротлар тинч қўймагани етмаганидек, кундузи бадбўй дориларни хоналарига сепишади, шундай ҳаводан нафас олишади. Бироқ, буларнинг барига бефойда вақт сарфлашади. Чунки эски бинонинг полидаги тахталар чириш оқибатида қуртлаган, алмаштириш учун тўлиқ бинони бузиб, қайта қуриш керак. Ахир халқда эскини ямаб эсинг кетар, деб бежиз айтилмаган.
Бино ҳовлисидаги болалар майдончаси – уларнинг кундузи вақтини ўтказадиган энг яхши манзил.
Давлат ташкилотларига йўлланган бир қанча аризалар жавобида деярли бир хил сўзларга кўзингиз тушади: “сизга берилиши керак бўлган уй фақат бир марта берилади”. Аслида эски ётоқхонани шунчаки “келди, кўрди”га таъмирлаб, “шу сенга уй, нима бўлса ҳам яшашга мажбурсан”, дейиш қанчалик тўғри? Ёшлигидан туртилиб, ота-она меҳрини кўрмасдан, вояга етганларнинг сабрлари шунча вақт синалди, уларни яна қандай синовлар кутаётган экан...
Ишласин, ўқисин, ҳаракат қилсин, уйини ўзи тозалаб ўтирсин, дерсиз. Ётоқхона томидан ўтаётган чаккида, шифтларнинг ўз-ўзидан қулашида уларнинг айблари нима? Каламушнинг ин қуришию ҳашоратларнинг болалашида-чи?
Аксига олиб, маъсуллар ётоқхонанинг буткул бузулган, қулаган жойларини бозордан “арзон уста” олиб келиб, таъмирлашдан чарчамаган кўринади, сўнгги кунларда бинонинг 3-қавати ва томида таъмирлаш ишлари бошланибди.
Ётоқхонадаги қизларнинг бири – Қундуз Тиллабоева ёпиқ сил касаллиги билан оғрийди. Агар Худо кўрсатмасин, касаллик очилиб кетадиган бўлса, оқибати қанчалик аянчли бўлиши ҳақида ўйлашга ҳам қўрқасан киши? Силнинг очиқ шакли атрофдагилар ва беморнинг ўзи учун жуда хавфли ҳисобланади. Эътибор бердингизми, касаллик атрофдагилар учун хавфли, улар атрофида эса сиз ва бизнинг фарзандларимиз яшамоқда.
“Qalampir.uz” кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган ётоқхонадаги вазият жиддий эканлигидан бевосита хабардор бўлиб турибди. У ердаги кана, сичқонларнинг сони ошган-ки, аммо камаймаган. Ошхона, ҳаммом ва ҳожатхона яна ўша ахволда қолиб кетган. Фақат 3-қаватдаги юриш йўлаги таъмирланмоқда. Лекин шуни билишмайдики, муаммо биргина таъмирлашнинг ўзи билан ҳал бўлмайди.
Хўш, 80 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларга ким ёрдам беради, ётоқхонадаги вазият қачон енгиллашиши мумкин? Воқеалар ривожини тез кунда яна “Qalampir.uz” интернет-нашрида кузатишингиз мумкин.