Ўзбекистон Президенти сув таъминоти соҳасида тўлов интизомини яхшилаш бўйича фармонни имзолади.
Мамлакатда тўпланиб қолган тизимли муаммо ва камчиликлар дебитор қарздорликни камайтиришга, тўлов интизомини мустаҳкамлашга ва тармоқнинг янада ривожланишига тўсиқ бўлаётгани айтилган.
Шу мақсадда 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”га фармонни имзолади.
Бугунги кунда республика бўйича сув олиш иншоотлари, сув қувурлари, водопровод тармоқлари ҳамда сув таъминоти ҳамда сув чиқаришнинг бошқа объектларида сувни ҳисобга олиш ускуналари билан таъминлаш атиги 29,4 фоизни, истеъмолчиларни қамраб олиш эса 42 фоизни ташкил этади.
Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини тубдан такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилган:
- сувдан ноқонуний фойдаланиш, водопровод ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;
- сув учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;
- сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимини жорий этиш жараёнини мониторинг қилиш;
- сувни сотиш ва истеъмол қилишнинг ҳисобини юритишда иштирок этиш.
Мажбурий ижро бюроси қуйидагилар учун жавобгар этиб белгиланди:
- сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;
- сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини, шунингдек, бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган сув ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовутларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;
- аниқланган тафовутларни бартараф қилиш механизми бўйича таклифлар киритиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўриш.
Маълумот учун, жорий йил 9 ойида сув таъминоти корхоналарининг электр энергиядан қарздорлиги 43,2 миллиард сўмга кўпайиб, 276,1 миллиард сўмни ташкил этган.