Ноёб қушларни сақлаш учун уй эгасининг тегишли ҳужжатлари бўлмаган.
Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган ва ноёб қушлар, ҳайвонлар ва, умуман, жониворлар ҳимояси билан шуғулланадиган Биоинспекция ходимлари томонидан қушлар олиниб, ихтисослашган вақтинчалик сақлаш жойига топширилди.
Пойтахтнинг Сергели туманидаги хонадонларнинг бирида сақланаётган бу қушларнинг вақтинчалик сақлаш жойига топширилгани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари томонидан тасдиқланди.
Аниқланган қушларнинг жами 14 тани ташкил қилган бўлиб, улар орасида — балабан, сапсан, бургут ва бир қатор бошқа ноёб қушлар бўлганлиги маълум қилинди.
Бу қушларни сақлаш учун уй эгаси махсус рухсатномага эга бўлмаган ва ўз вақтида бу борада керакли ташкилотларга ҳам хабар бермаган. Шунингдек, у ўз ихтиёри билан ҳам қушларни тегишли ташкилотлар ихтиёрига топширмаган.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув-тергов ишлари олиб борилаяпти.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, қушлар суриштирув-тергов ва суд ҳаракатлари тугагунча махсус сақлаб туриш жойида бўлади ва кейинчалик озодликка чиқарилиб юборилиши ҳам мумкин.