Прописка қилиш тартиби такомиллаштирилди.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ҳукумат қарорига мувофиқ қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан эндиликда:
Хусусан эндиликда:
- турган жойи бўйича ҳисобга олинмаганлиги ёки доимий пропискада турмаганлиги фуқарога хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос деб ҳисобланиши мумкин эмас (яъни прописканг йўқ экан деб, масалан поликлиникадан қайтариб юборилмайди);
- 16 ёшга тўлмаган шахсларни доимий прописка қилиш ва ҳисобга олиш уларнинг ота-оналари хоҳишига кўра ихтиёрий асосда амалга оширилади;
- доимий пропискага эга бўлиш ва турган жой бўйича ҳисобда туриш учун фуқаролар электрон тизим орқали мурожаат қилишлари мумкин (ҳозирда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Тошкентда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш бўйича электрон хизмат йўлга қўйилган);
- чет эл фуқаролари озодликдан маҳрум этилганда уларни доимий пропискадан чиқариб юбориш эндиликда суд қарорига асосан амалга оширилади;
- Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар янги қурилган уй-жойни банк ҳисобварақлари орқали сотиб олиши мумкин (уй нархи энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан кам бўлмаслиги ҳақидаги қоида бекор қилинди). Бунда уй-жой сотиб олганда нотариусга тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлиши мумкин эмас;
- Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига республиканинг бошқа минтақаларидан мавсумий иш билан шуғулланишга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар) келган фуқаролардан вақтинча ҳисобга туриш учун турар жой майдони бериш тўғрисидаги ариза ва уй-жой ҳужжатларининг нусхаси талаб этилмайди. Бунда мавсумий иш ҳақида шартнома ёки мавсумий иш берувчининг аризасининг ўзи кифоя. Бундан ушбу тоифадаги шахслар нотурар жойларда ҳам ҳисобга олиниши мумкин;
- Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча ҳисобга туриш учун турар жойни ёхуд унинг бир қисмини ижарага олиш (текин фойдаланиш) тўғрисида нотариал тасдиқланган шартноманинг нусхасини тақдим этиш шартлиги бўйича талаб бекор қилинди.
Суннатилла Абдуллаев