Автобуслар ҳаракатини бошқарувчи ахборот тизими ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда.
Ҳужжатга кўра, шаҳар марказидаги йўлларда ҳаракатланувчи маршрутли таксилар босқичма-босқич автобусларга алмаштирилади. Бу эса экологик ҳолатга ижобий таъсир этади.
Шунингдек, метрополитен салоҳиятидан максимал равишда фойдаланиш масаласи ҳам ўртага ташланган.
Ривожланган хориж мамлакатлари тажрибасини ўрганган ҳолда, автобуслар ҳаракатини бошқарувчи ахборот тизими ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда. Бу тизим орқали жамоат транспортларининг ҳаракат вақтларини аниқ билиш мумкин бўлади.
Бунинг учун “Тошшаҳартрансхизмат”нинг таркибий бўлинмаларидан бирида жамоат транспорти ва транспорт карталари маркази ташкил этилиши режалаштирилган. Бу марказ тезюрар йўллар ҳақида маълумотлар тўплайди ва таҳлил қилади. Автоҳалокатлар юзасидан назоратни амалга оширади.
Шунингдек, марказ автобуслар ҳаркатини ҳам бошқаради. Тақиқланган жойда автомобилларни қўйиб кетиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича иш олиб боради. Транспорт воситаларининг тезлигини назорат қилади.
Бундай маълумотлар эса онлайн равишда сайт, йўллардаги дисплейлар, смартфонлар, ижтимоий тармоқлар орқали барча аҳолига тақдим этиб борилади.