Таълим жараёни якунига етганидан сўнг уларга давлат намунасидаги сертификат берилади.
Мазкур қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда академик лицейлар битирувчиларига аниқ мутахассисликлар бўйича билим ва кўникмалар бериш кўзда тутилган бўлиб, таълим жараёни якунига етганидан сўнг уларга давлат намунасидаги сертификат берилади.
Президент қарорида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда бир ой муддатда академик лицейлар битирувчиларига мутахассисликлар бериш тартибини, шунингдек, академик лицейлар битирувчиларига мутахассисликлар бериш тўғрисидаги давлат намунасидаги сертификат намунасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаши бўйича топшириқ берилган.
Қарорда таълим жараёни сифатини ошириш ва академик лицейлар битирувчиларининг олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириши учун алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Унда:
академик лицей ўқувчиларининг бириктирилган олий таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари ва бошқа моддий-техник базасидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш;
ҳар бир академик лицейда ўқувчиларнинг индивидуал қобилиятидан келиб чиқиб, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари, ўқувчиларнинг ижодий ва мустақил изланишларига йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш;
олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларнинг педагог кадрларига патронаж сифатида бириктириш;
олий таълим муассасалари фаолиятига баҳо беришда улар томонидан таълим самарадорлигини ошириш бўйича академик лицейлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилган. Бу борада семинар-тренинглар ташкил этиш, таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, хорижий тилларни ўзлаштириш, тажрибали профессор-ўқитувчилар иштирокида доимий маҳорат дарсларини ўтказиш, академик лицей ўқитувчиларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ишларни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш каби масалалар қамраб олинган.