...
МЕНЮ
ONLINE TV

Олий таълимдаги ўқитувчилар энди академик лицейларда ҳам дарс беришни бошлайди


23:47, 15.03.2017 Жамият
 3 030

Президентнинг янги қарорига мувофиқ, эндиликда академик лицей ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантирилади.

Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
 
Қарорга кўра, эндиликда олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини академик лицейларда дарс беришга кенгроқ жалб қилиш мақсадида академик лицейлардаги ўқитувчилик фаолиятига соатбай ҳақ тўлаш миқдори олий таълим муассасаларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорига тенглаштирилади;
 
Таълимнинг узлуксизлик ва узвийлик тамойилларига риоя қилган ҳолда иқтидорли ўқувчилар билан иш олиб бориш доирасида айрим фанлар чуқур ўқитиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари билан академик лицейлар ўртасида ўзаро таъсирчан ҳамкорлик механизми йўлга қўйилади.
 
Академик лицейларда таълим сифатини ошириш, таълим жараёнига илғор педагогик усуллар, ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари ва мультимедиа тақдимотларини кенг татбиқ қилиш ва бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида ўқув гуруҳлари таркиби 26 нафар ўқувчидан ортиқ бўлмаган тарзда шакллантирилади.
 
Қолаверса, чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар (таълим йўналишлари) бўйича амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари гуруҳларга бўлинган тарзда, яъни иккита кичик гуруҳда ўтказилиши йўлга қўйилади.
 
Педагоглар таркиби эса олий маълумотли ва камида 5 йиллик узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган малакали ўқитувчилар орасидан танлов асосида шакллантирилади.
 
Яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, академик лицейлар директорлиги учун номзодлар академик лицейлар бириктирилган олий таълим муассасалари ректорлари томонидан тавсия этилиши белгиланмоқда.
 
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейлар ўқувчиларини умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари республика мақсадли китоб жамғармасининг маблағлари ҳисобидан ижара тизими асосида амалга оширилади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар билан бюджет маблағлари ҳисобидан бепул таъминланади.

Теглар:Президент қарори Ўрта махсус Касб-ҳунар коллежи Академик лицей 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар