Шавкат Мирзиёев тасвири пайдо бўлганда зал жунбишга келди, гулдурос қарсаклар чалинди.
Ўзбекистонда Ислом дини ривожига қаратилган эътибор, диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ томонидан олқишланмоқда.
Қаратилаётган эътибор 3-5 март кунлари “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтган “Азиз ва муқаддас аёл” концерт дастурида ҳам ўз ҳаётий ифодасини топди.
15 ёш атрофидаги хонанда Шаҳризода Абдуллаева концертда араб тилида “Бисмиллаҳ, маша Аллаҳ” номли қўшиқни куйлаб чиқди.
Томошабинлар томонидан гулдурос олқишлар билан кутиб олинган мазкур қўшиқнинг ўзбекча таржимаси зал ўртасига ўрнатилган мониторда бериб борилди.
Концертда “Паризода” болалар рақс ансамбль хонандага жўр бўларкан, улар ҳам араб халқига хос либосларда намоён бўлади. Қўшиқ яримлаганда, қизалоқлар қўлларидаги қора матони ёйиб, қулочларини ёздилар. Саҳна ўртасида Каъба тасвирланиб, 30 дан ошиқ қизлар унинг атрофида айландилар.
Ўша маҳал мониторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дин уламолари билан суҳбатлашаётгани тасвирлари намойиш этилди ва Ўзбекистонда ислом динига қаратилаётган эътибор кўрсатиб берилди. Шавкат Мирзиёев тасвири пайдо бўлганда зал жунбишга келди, гулдурос қарсаклар чалинди.
Хонанда Шаҳризода Абдуллаева қўшиқни якунлар экан, қўлини дуога очади ва юзига фотиҳа тортади.
Айни дамда концертдаги ушбу чиқиш ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Қўшиқнинг “Истиқлол” саҳнасида янграши Ўзбекистонда диний соҳада яратиб берилган шарт-шароитлар билан боғланмоқда. Тармоқ фойдаланувчилари бу ислоҳотлар учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирмоқда.